Февраль ойи умумтаълим мактабларида “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” ойлиги деб эълон қилинди

Mushtariylar: 2771
Babur.2

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази томонидан Алишер Навоий тавалудининг 575 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 533 йиллиги муносабати билан февраль ойи умумтаълим мактабларида “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” ойлиги деб эълон қилинди.

Ойлик доирасидаги дастлабки тадбирлардан бири Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 165-мактабда ўтказилди. “Миллатимизнинг буюкларини ёд этиб” деб номланган ўқув-амалий семинарда ўқитувчи ва мутахассислар Навоий ва Бобур ижодини янгича услуб ҳамда ёндашувлар асосида ўқитиш, ўқитувчиларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш хусусида фикр алмашди. Байрам тадбирида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ижодий намойишлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида улуғ алломаларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг юксак инсонпарварлик ғоялари билан йўғирилган асарлари мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, навқирон авлод онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоий ва Бобур Мирзонинг таваллуд кунлари муносабати билан ташкил этилган “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” ойлиги бу борадаги ишларнинг изчил давомидир.

Алишер Навоий ва Бобур ижодида ўхшаш жиҳатлар кўп. Улар кўнгил, ишқ, иймон, одоб-ахлоқ, қаноат, саховат, вафо каби тушунчаларни теран шарҳлайди. Ота-онани, Ватанни эъзозлаш зарурлигини таъкидлайди. Инсон бу ҳаётда яхши ном қолдириши, умрини эзгулик ва яхшиликлар қилиш билан безаши муҳимлигини уқтиради. Буларни ёшлар онгига етказишда мактаблардаги маънавий-маърифий тадбирлар муҳим ўрин тутади.

alisher_navoi_bio

Навоий

– Умумтаълим мактабларида “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” ойлигини юқори савияда ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди, – дейди Республика таълим маркази филология фанлари бўлими бош методисти Комила Усманова. – Таълим масканларида адабиётшунос олимлар, адиблар билан учрашувлар, навоийхонлик кечаларини ташкил этиш анъанага айлангани ёшларнинг онгу тафаккурини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари, туман халқ таълими бўлимлари томонидан буюк бобокалонларимиз ижоди ва фаолиятини ўрганиш тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Мактабларда “Навоийхонлик” ва “Бобурхонлик” кунларини ўтказиш юзасидан методик тавсия тайёрланиб, умумтаълим мактабларига етказиб берилмоқда. Унга мувофиқ “Навоий ва Бобур ижодида Ватан мадҳи”, “Ўзбек адабий тили ривожида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг ўрни” мавзуларида илмий-амалий семинарлар ташкил этилади. Ёш педагоглар ўртасида баҳру байтлар, мутафаккирларнинг мактаб дарсликларида ўрганиладиган асарлари бўйича “Энг яхши дарс ишланмаси”, “Энг яхши тадбир ишланмаси” кўрик-танловлари ўтказилади. Таълим муассасаларида буюк бобокалонларимиз сиймоси, ҳикматли сўзлари, ижоди ва фаолияти акс этган кўргазмалар ташкил этилади.

Пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида “Аждодлари улуғ юрт фарзандиман”, “Навоий ва Бобур ижоди шайдосиман”, “Аждодларга муносиб фарзанд бўлайлик” мавзуларида диктант, баён ва иншолар танлови, “Ғазалхон ўқувчи”, “Рубоийлар ихлосманди” кўрик-танловлари ўтказилади. Шунингдек, “Навоий ижодида комил инсон тарбияси”, “Бобур маънавий меросининг инсон камолотидаги аҳамияти” мавзуларида адабиётшунос олимлар билан давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Таълим даргоҳларида ўтказилаётган бу каби хайрли ишлар улуғ мутафаккирларимиз асарлари мазмунини чуқур англашга, ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашга, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Манба: ЎзА.

Вы можете izih qoldirish, yoki trackback sazning saytingizdan.

Izoh qoldirish

Siz majbursiz tizimga kirish , izoh qoldirish uchin

OAV sifatida davlat ro'yhatidan o'tganligi to'g'risida 2013.12.04 da 0954-sonli Guvohnoma berilgan, ISSN 2181-7332