ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА НОМЗОД ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ДАСТУРИ

Mushtariylar: 7465
Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг дастури

Бизнинг бош мақсадимиз – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан бошлаб берилган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишдан иборат.

Бизнинг сайловолди дастуримизда давлатимизнинг жадал ривожланиши йўлида халақит бериши мумкин бўлган тўсиқлар ҳар томонлама таҳлил этилган ҳолда,  юртимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб оладиган ва эҳтимол тутилган хавф-хатарларнинг олдини олиш, яқин ва олис истиқболга мўлжалланган энг муҳим устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган ва шунингдек, мамлакатимизни янада тараққий эттиришни таъминлайдиган бешта устувор йўналиш белгилаб олинди.

I. Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш.

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини  амалга ошириш

Сиёсий тизимни ривожлантириш соҳасидаги устувор вазифаларимиз ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини амалга ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришдан иборат.

Биз давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ролини кучайтириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид энг муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтиришни зарур деб ҳисоблаймиз.

Кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг таъсирини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини назарда тутиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида сиёсий партиялар гуруҳларининг ролини кучайтириш, айниқса, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтириш тарафдоримиз.

Бу мақсадларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқаруви тизими ва унинг аппарати фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ. Шу муносабат билан биз давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.

Шу билан бирга, биз хўжалик бошқаруви органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан қайта кўриб чиқиш, ушбу соҳада тажрибадан ўтган бозор механизмлари ва корпоратив бошқарувнинг замонавий принципларини кенг жорий этишни таъминлаш зарур деб ҳисоблаймиз.

Биз ваколатларни марказдан жойларга бериш тарафдоримиз. Шунинг учун ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш борасидаги барча бўғинлардаги ҳокимиятларнинг вазифа ва ваколатлар тизимини такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади.

Ҳокимлик идораларининг моддий-техник таъминоти ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқамиз. Ушбу ишларни амалга оширишда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Биз янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ҳалол, ўз Ватани ва халқига содиқ кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратиш устида жиддий ишлаймиз.

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда давлат хизматчилари томонидан сансалорлик ва масъулиятсизлик ҳолатларига бутунлай барҳам бериш учун биз қатъий кураш олиб борамиз.

Раҳбарлар фаолиятига, уларга бўлган ишонч ва аҳолини ўйлантираётган муаммоларни самарали ҳал этиш даражасидан келиб чиққан ҳолда, халқнинг ўзи баҳо беради.

Бинобарин, давлат муассасалари ходимларининг масъулиятини ошириш ва шунингдек, уларнинг ҳуқуқларикафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида биз “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз.

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини амалга оширишни давом эттириш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Шу мақсадда жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш, маҳалла тузилмасининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, унинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш ва шунингдек, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.

Оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш соҳасида биз уларнинг иқтисодий асослари ва моддий базасини янада мустаҳкамлаш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз.

II. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш.

“Куч – адолатда” тамойилини амалга ошириш

Жамиятда қонун устуворлигини  таъминлаш амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигининг кафолатидир, аҳоли турмуш даражасини ошириш, мамлакатда тинчлик, тотувлик ва барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим омилидир.

Шунинг учун ҳам суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизнинг бош вазифаси – бу суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлашдан иборат.

Шу муносабат билан судьяларнинг ваколат муддатини узайтириш, адолатли қарорлар қабул қилишга қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган судьялар корпусини шакллантириш, суд-тергов фаолиятига илғор илмий-техника воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмасдан амал қилинишини таъминлаш биз учун  энг муҳим масала бўлиб қолади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, бу борада фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан самарали ҳамкорлик механизмларини кенг қўллашни асосий вазифамиз деб биламиз.

Одил судловни таъминлашда тарафлар тенглиги принципини тўлиқ ишлатиш учун адвокатура соҳасини ислоҳ қилиш, суд-тергов жараёнларида адвокатнинг ваколатларини кенгайтириш ва ролини янада кучайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўриш зарур.

Давлат идораларида юридик хизмат самарадорлигини таъминлаш мақсадида юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласи биз учун долзарб вазифа ҳисобланади.

Биз жиноий жазоларни либераллаштириш сиёсатини, айрим жиноят турларини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказиш, ярашув институтини қўллаш имкониятларини янада кенгайтириш сиёсатини давом эттирамиз.

Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларини самарали ечиш устувор вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Бу жараёнда маҳалла имкониятларидан самарали фойдаланиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва уларнинг профилактикаси самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Буларнинг барчаси бизнинг дастуримизда муҳим ўрин тутади.

III. Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш

“Иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди” деган, амалда ўзини оқлаган қоидадан келиб чиққан ҳолда, биз келгусида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида асосий эътиборни қуйидаги стратегик йўналишларга қаратишни зарур деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш улкан аҳамиятга эга.

Молиявий соҳада тармоқ ва минтақаларнинг мутаносиб ривожланиши ҳисобидан аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этишни таъминлайдиган маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтиришга эътибор қаратилади. Маҳаллий бюджетлар имкониятларининг оширилиши, аввало, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтиришга хизмат қилиши керак.

Иккинчидан, иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини янада ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтириш ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Асосий ва муҳим вазифа – 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича аниқ мақсадли дастурларни амалга оширишдан иборат.

Шу мақсадда кимё саноатини, рангли ва нодир металлар, углеводород хомашёси, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга қаратилган 8 та махсус дастур қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Яқин беш йилда умумий қиймати қарийб 40 миллиард доллар бўлган 657 та инвестиция лойиҳасини амалга оширамиз. Бу чоралар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар кўпайтириш имконини беради. Бундан ташқари, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятига эга бўлган тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш бўйича дастурни ишлаб чиқиш якунига етказилди. Қиймати 2 миллиард 300 миллион доллар бўлган 140 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси олдимизда турибди. Натижада тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 баробар ошади.

Биз ўз олдимизга яна бир муҳим вазифани қўйганмиз, у ҳам бўлса,  фармацевтика саноатини жадал ривожлантиришдан иборат. 67 та ҳудудий лойиҳаларнинг амалга оширилиши 162 та янги, ҳозирги вақтда четдан олиб келинаётган дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва уларнинг умумий ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини беради.

Айни вақтда, давлат дорихона тармоқларида ҳаётий муҳим дори воситаларининг аниқ белгиланган нархларда сотилиши таъминланади.

Хорижий инвестициялар ва замонавий илғор технологияларни жалб этиш мақсадида Навоий ва Жиззах вилоятлари ҳамда Ангрен шаҳрида эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Берилган имтиёзлар корхоналар томонидан инновацион лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга имкон яратмоқда. Бу ижобий тажрибани кенгайтириш мақсадида Ургут ва Ғиждувон туманларида, Қўқон шаҳрида ҳам эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Учинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва бу тизимни такомиллаштириш бўйича ишларни тизимли асосда давом эттирамиз. 2017 йилда Янги иш ўринлари ташкил этиш дастури доирасида 390 минг кишини доимий иш жойи билан, 200 минг кишини – қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик иш билан, 309 минг кишини – шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик ҳисобидан иш билан таъминлаш чораларини кўрамиз.

Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ислоҳ қилишни устувор вазифа деб ҳисоблаймиз. 2017–2020 йилларга мўлжалланган Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастури қабул қилиниб, унинг доирасида экин майдонларини оптималлаштириш ва пахта экишни босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда. Ҳал қилувчи вазифа – ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотни сақлаш ва чуқур қайта ишлаш инфратузилмаларини такомиллаштиришдан иборат.

Сабзавот, дуккакли ва озуқабоп экин майдонларини кенгайтириш, интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш, экспортга йўналтирилган мева-сабзавот, озиқ-овқат ва чорва маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, кичик саноат корхоналари тармоқларини ташкил этиш ва аграр хизматларни кенгайтириш эътиборимиз марказида бўлади. Бу мақсадлар учун қўшимча равишда 200 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга бўлган совутгичли омборхоналар барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Асосий вазифаларимиздан яна бири – қишлоқ хўжалигини молиялаштиришнинг мавжуд тизимини такомиллаштиришдан иборат. Бу ишларни амалга оширган тақдирдагина биз кафолатланган барқарор ҳосилдорликни, бутун агросаноат комплексини ривожлантиришни ва энг муҳими, фермерларнинг моддий манфаатдорлигини оширишни ва қишлоқ жойларда турмуш даражасини яхшилашни таъминлай оламиз. Бу мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори бўлиши зарур.

Бешинчидан, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартиш, хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси олдимизда турибди. Хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожига халақит берадиган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш зарур.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш – сиёсатимизнинг устувор йўналиши ва биринчи даражали вазифаси ҳисобланади. Бу вазифаларни ҳал этишда биз тадбиркорлик фаолиятини назорат қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Биз тадбиркорларни суд йўли билан ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини либераллаштириш, айни пайтда, хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашгани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш, солиқ бошқаруви ва банк фаолиятига замонавий тартибга солиш механизмларини жорий этиш, шунингдек, рухсат беришга оид ҳужжатлар ва лицензиялар бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш орқалигина ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг жадал ривожланишига эришишимиз мумкин.

Олтинчидан, мамлакатимиз иқтисодиётининг ўсишида катта аҳамиятга эга бўлган 2017–2021 йилларда туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилишни режалаштирмоқдамиз.

Дастур доирасида соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, туристлар учун виза ва рўйхатга олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш,  янги туристик маршрутларни яратиш, туризм инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш бўйича махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шу мақсадда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратишни кўзда тутадиган янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суришни, шунингдек, “Ўзбектуризм” миллий компанияси фаолиятини танқидий кўриб чиқишни зарур деб биламиз.

Еттинчидан, ҳудудларни янада комплекс ривожлантириш энг муҳим вазифадир.

Аввало, Биринчи Президентимиз томонидан тасдиқланган бир қатор вилоятлар, Тошкент, Қарши, Шаҳрисабз, Термиз, Наманган, Урганч ва Гулистон шаҳарлари, шунингдек, Булунғур ва Нишон туманлари саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар ижроси сўзсиз таъминланади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Чуқур таҳлиллар асосида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган, ҳар бир маҳаллани назарда тутган ҳолда, 2017–2021 йилларда туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш дастурлари қабул қилинади. Бу дастурларни амалга ошириш натижасида субвенция оладиган 81 та туман молиявий жиҳатдан ўзини ўзи тўлиқ таъминлайдиган ҳудудга айланади, шунингдек, 41 та туман ва шаҳар бўйича субвенция даражаси сезиларли равишда камаяди.

Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрини нафақат минтақамиз, балки дунёдаги энг гўзал ва обод мегаполислардан бирига айлантириш биринчи даражали вазифаларимиз қаторига киради. Шу мақсадда, миллий меъморлик ва шаҳарсозликнинг энг илғор ютуқ ва ечимларидан фойдаланган ҳолда, кенг миқёсдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш эътиборимиз марказида бўлади.

Тошкент шаҳри учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик дастур – Сирғали туманида яқин келгусида 500 та кўп қаватли замонавий уй-жой барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу эса қарийб 30 минг оилани, биринчи навбатда кам таъминланган оилаларни янги уй-жой билан таъминлаш имконини беради.

Шаҳарнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш, коммунал ва савдо хизматлари сифатини яхшилаш, янги транспорт-коммуникация тармоқлари ва замонавий хизмат турлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер устидан ўтадиган тезюрар метро йўналишларини қуриш масалаларига устувор аҳамият берилади.

Иқтисодиёт соҳасида амалга оширадиган ишларимиз аввало халқимизга, ҳар бир фуқарога қандай наф етказиши, унинг дастурхонида, кундалик ҳаётида акс этиши биз учун ўта муҳимдир. Шу муносабат билан иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш бўйича ишлар давом эттирилади. Шунингдек, истеъмол товарлари, жумладан, арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси олдимизда турибди.

IV. Ижтимоий соҳани ривожлантириш.

“Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган энг муҳим тамойиллардан бирини амалга ошириш

Бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун биз мамлакатимиз миқёсидаги қатор мақсадли дастурларни амалга оширишимиз зарур.

Аввало, қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини ҳисобга олиб, Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди. Унга биноан, 2017 йилда эҳтиёжманд оилалар учун бошланғич тўлов ҳажми икки баробар камайтирилиб, тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, 2017–2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ва йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун кўп қаватли арзон уйлар қурилади.

Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш биз учун алоҳида долзарб бўлган муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километрлик ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади. Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3 миллион 200 минг аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради. Бу вазифаларни амалга ошириш учун Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташкил этилади ҳамда Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” махсус жамғармаси тузилади.

Аҳоли ва корхоналарга электр қувватини кафолатли ва барқарор тарзда етказиб бериш мақсадида Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастурини амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Дастур доирасида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанциясини алмаштириш назарда тутилмоқда.

Минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш дастури доирасида умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, аҳоли учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш мўлжалланмоқда.

Бу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармаси ва “Ўзавтойўл” компаниясининг ташкилий тузилмаси ва фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади.

Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастурига асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта замонавий автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналишлардаги эскирган  автобуслар янгиланади.

Ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этиш билан бир қаторда Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам назарда тутилмоқда.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастури шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва озодалигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган, аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний чиқиндилар ташланаётган жойларни йўқ қилиш имконини беради. Маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказлари ҳамда Қўқон, Марғилон, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ ва Хива шаҳарларида 168 та махсус жойлар ташкил этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади.

Аҳолига кўмир етказиб бериш тизимини такомиллаштириш, унинг нархи сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлган мактабгача таълим-тарбия тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш эътиборимиз марказида бўлади. Жумладан, давлатга қарашли 1 миллион 109 минг ўринли 2 минг 200 та болалар боғчасини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш масалалари ҳал этилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ этиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида қишлоқ врачлик пунктлари, тез тиббий ёрдам хизмати, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолиятини янада яхшилаш ҳамда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш бўйича аниқ чоралар кўрилади.

Муҳтарама аёлларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Жамиятимизда тинчлик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб вояга етказишда ўрни беқиёс бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги нуфузини янада оширишимиз зарур. Улар учун муносиб шарт-шароитлар, янги иш ўринлари яратиш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш бизнинг доимий ва муҳим вазифамиз бўлиб қолади.

Хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда. Бундай табаррук инсонларга хизмат қилиш, уларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўришни эзгу ва савобли ишимиз деб биламиз.

Ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш режалаштирилмоқда. “Нуроний” жамғармасининг мақоми ва мавқеини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади.

Маънавий-маърифий соҳада олдимизда турган энг муҳим ва долзарб вазифамиз – юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш, уларда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳиссини юксалтириш, фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни шакллантиришдан иборат.

Бу вазифаларни амалга оширишда биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой маънавий меросига таянамиз. Ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини камол топтириш, уларни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларини кучайтирамиз. Бу борадаги сиёсатимиз янги қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун талаблари асосида қатъий давом эттирилади.

Биз 2017–2021 йилларда олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтаришга қаттиқ бел боғлаганмиз.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати барча ёшлар интиладиган, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқарадиган ва манфаатларини ҳақиқий ҳимоя қиладиган ташкилотга айланиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу борада алоҳида эътиборни уюшмаган ёшлар билан ишлашга ва уларни ташкилот фаолиятига жалб этишга қаратамиз.

Биз илм-фан намояндалари, заҳматкаш олимларимиз учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш мақсадида бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Ҳаётимизнинг энг муҳим жабҳалари учун юксак технологиялар, илмий ишланмалар яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласига устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қараймиз.

Айни вақтда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги сўнгги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, аҳолининг китобхонлик кўникмасини янада юксалтириш, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини Интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳоратини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган, инсон қалбининг муҳандислари бўлган ижодкор зиёлиларга доимий эътибор масаласи дастуримизда етакчи ўрин эгаллайди. Ижодий ташкилотлар, бадиий уюшмалар фаолиятини қўллаб-қувватлашни, уларнинг моддий-техник базаси, инфратузилма тармоқларини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларимизнинг энг яхши асарларини юртимизда ва чет элларда тарғиб этишни биз маънавий-маърифий соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим бир йўналиши деб биламиз.

Маданият, санъат, адабиёт ва матбуот оламига кириб келаётган иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, юртимизда ўтказила­ётган ижодий танлов ва фестивалларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, бадиий асарлар учун тўланадиган қалам ҳақи миқдорини қайта кўриб чиқиш, ижодий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари диққатимиз марказида бўлади.

Биз маданият ва спорт муассасалари, театр ва музейларимизнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича махсус дастурларни амалга оширамиз.

V. Хавфсизликни таъминлаш.

Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик. Ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар 

Биз “Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак” деган даъватни хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятимизнинг асосий тамойили сифатида белгилаб олганмиз.

Бизнинг энг асосий ютуғимиз – кўп­миллатли халқимизнинг ҳар қандай қийинчилик ва синовларни енгишга қодирлиги, унинг замонавий дунёқараши, сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигининг юксалиб бораётгани, атрофимиздаги воқеаларга дахлдорлик туйғуси билан яшаётганидир.

Бутун дунёда мураккаб вазият юзага келаётган, терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бораётган бугунги шароитда доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ҳар томонлама мустаҳкамлаш – хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда халқимизнинг осойишта ҳаётини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечираётгани – истиқлол даврида эришган энг муҳим ютуқларимиздан биридир. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 137 та миллий маданий марказнинг ўрни беқиёс эканини инобатга, олган ҳолда, миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлашда келгусида ҳам сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Диний бағрикенглик асрлар давомида халқимиз менталитетининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган бағрикенглик муҳити туфайли мамлакатимизда 16 та диний конфессияга мансуб 2 минг 200 дан ортиқ диний ташкилот фаолият юритмоқда. Улар ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларни ривожлантириш, қайси дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашни бундан буён ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз.

Муқаддас ислом динимизни нотўғри талқин этаётган ва уни ниқоб қилиб, тинч ва осойишта ҳаётимизга рахна солаётган бузғунчи кучларга қарши биз доимо кескин курашиб келганмиз ва бундан кейин ҳам қатъий курашамиз.

Мамлакатимиз суверенитети ва муста­қиллигига таҳдид солишга уринадиган ёвуз кучларнинг ҳар қандай ҳаракатларига кескин зарба берилади.

Ташқи сиёсат соҳасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан ишлаб чиқилган принцип ва ёндашувларга тўлиқ амал қилиш сайловолди дастуримизнинг муҳим таркибий қисмини ташкил этади.

Ташқи сиёсатимизнинг асосий маъно-мазмуни – тинчликпарварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш, барча хорижий давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан амалий ҳамкорлик қилишдан иборат.

Мамлакатимиз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмайди, бошқа давлатларнинг ҳарбий база ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўйилмайди.

Ташқи сиёсатни амалга оширишда барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз.

*  *  *

Биз сайловолди дастуримизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш борасидаги энг муҳим мақсад ва устувор вазифаларни белгилаб олдик. Мазкур мақсад ва вазифаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш учун 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Улкан режаларимизни амалга оширишда биз, биринчи навбатда, барча юртдошларимиз, бутун халқимизнинг ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳиятига таянамиз.

Фақатгина халқимизнинг шижоати ва қудрати, букилмас иродаси ва қатъияти, энг муҳими, мустақил тараққиётга бўлган ишончи буюк мақсадларимизга эришишнинг бирдан-бир кафолатидир.

Барчамиз учун Ватан битта!

Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!

Муқаддас юртимиз, бағрикенг халқи­мизга садоқат билан хизмат қилиш эса барчамизнинг энг шарафли бурчимиздир!

МанбаO’zlidep сайти. 2016 йил 1 ноябрда эълон қилинган.

OAV sifatida davlat ro'yhatidan o'tganligi to'g'risida 2013.12.04 da 0954-sonli Guvohnoma berilgan, ISSN 2181-7332