Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси
Mushtariylar: 1794Муҳтарам депутат ва сенаторлар!
Азиз ватандошлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун биз барчамиз жонажон Ватанимизнинг сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеада иштирок этмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилмоқда.
Сизларга яхши маълумки, дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.
Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, бизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Бугунги нуфузли анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари билан бирга, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Тараққиётимизнинг янги босқичи бўлган 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномани эътиборингизга ҳавола этишга рухсат бергайсиз.
Аввало, йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилганини таъкидлаш жоиз.
Бу борада “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим қадам бўлди, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.
Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Давлат ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда.
Шу маънода 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз.
Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида амалда ўзини оқламоқда.
Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди.
Айнан халқимиз манфаатларини ҳисобга олиб, ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича энг муҳим институт бўлган суд-ҳуқуқ соҳасида, прокуратура ва ички ишлар органлари тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда атрофлича сўз юритилгани учун, ўйлайманки, бугун бу мавзуда ортиқча тўхталиб ўтиришга зарурат йўқ
Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари ишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.
Юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Ўйлайманки, бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган ишларимизнинг яна бир тасдиғидир.
2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамларни қўйдик.
Иқтисодиётимизни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, пухта ўйланган дастурлар қабул қилинди ва улар изчил амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу биз учун келгуси йилда қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Масалан, Тошкент иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Бу эса қўшимча равишда 2,5 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, Навоий иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмаси, Қизилқум бағридаги Авминзо-Амантой олтин конлари негизида гидрометаллургия заводи қуриш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ҳозирги вақтда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан “Ёшлик – 1”, “Ёшлик – 2” конларини ўзлаштиришга киришилди. Сардоба, Марказий Фарғона ва Тўпаланг сув омборларини қуриш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Бу йирик иншоотлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа бўлади.
Фарғона – Марғилон йўналишидаги темир йўл тармоғи айни пайтда электрлаштирилмоқда.
Яна бир йирик объект – Қандим газни қайта ишлаш комплекси ишга туширилиши ҳисобидан 2018 йилда қўшимча равишда 4 миллиард 100 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 67 минг тоннадан зиёд конденсат, 106 минг тоннадан ортиқ олтингугурт ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг локомотивларидан бири бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводида келгуси йили қўшимча равишда 6 миллиард куб метр табиий газни олтингугуртдан тозалайдиган блоклар тўлиқ фаолият бошлайди. Шулар қаторида “Ўзагротех-саноатхолдинг” акциядорлик жамиятида янги йилда 5 мингдан кўпроқ замонавий тракторлар, мингдан зиёд пахта териш машинаси ва 2 мингдан ортиқ прицеплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Энг муҳими, мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хомхаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби танқидий қайта кўриб чиқилди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
Айни шу асосда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳажми қарийб 15 фоизга кўпайди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион долларга етди.
Миллий валютамизни эркин конвертация қилишга киришдик. Юридик ва жисмоний шахслар хорижий валютани тижорат банкларидан чекловсиз сотиб олиш ва эркин сотиш имконига эга бўлди. Чет эл валютасининг олди-сотди операциялари ҳажми либерализация даврига нисбатан 1,5 баробар ошиб, ўртача 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга, давлатимизнинг олтин-валюта захиралари йил давомида 1,1 миллиард долларга кўпайди.
Жорий йилда мамлакатимизда 12 та эркин иқтисодий ва 45 та саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилди ва бу ташкилий чоралар ҳудудларни жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Яқин вақт ичида яна 50 та янги саноат зонасини ташкил этиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Йил давомида биз учун ғоят муҳим бўлган янги иш ўринларини ташкил этиш масаласи доимий эътиборимиз марказида бўлди. 2017 йилда янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.
Ўз-ўзидан аёнки, биз аҳоли бандлигини таъминлашни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, бу масалага нафақат сон, балки сифат жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият беришимиз зарур.
Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг ғоят муҳим йўналиши бўлган ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда.
Маълумки, аҳолимизни, айниқса, бюджет соҳаси ходимларини, кам таъминланган оилаларни уй-жой муаммоси кўпдан буён қийнаб келарди. Бу оғир ижтимоий муаммога биз деярли эътибор бермай келганимиз ҳам бор гап.
Халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, биз жорий йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини амалга оширишга киришдик. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Бу рақамни аввалги йилларга таққослайдиган бўлсак, 2007 йилга нисбатан 20 баробар, намунавий уй-жойлар қуриш дастури бошланган 2010 йилга нисбатан 3,5 баробар, 2014 йилга нисбатан эса 2 баробар кўп уй-жой қурилганини кўрамиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биз кейинги 25 йил давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуришни бошладик. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида жорий йилда 420 минг квадрат метр кўпқаватли уй-жой фонди фойдаланишга топширилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир.
Одамларимизнинг ҳаётий эҳтиёж ва манфаатларини таъминлашда бу муҳим масаланинг нақадар ўткир ва долзарб муаммо бўлиб турганини ҳисобга олиб, бу ишларнинг ҳажмини оширган ҳолда, биз янги йилда ҳам албатта давом эттирамиз. Чунки, халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир.
Оролбўйида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан аниқ чоралар кўрилди. Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ана шу маблағлар ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити яхшиланмоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳудудларда 3 минг километрдан ортиқ ички йўллар капитал таъмирланди ва реконструкция қилинди.
Жорий йилда янги таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилди. 12 та умумтаълим мактаби янгитдан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. Шунингдек, 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди.
Фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик. Биз ушбу соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашимиз, жумладан, яқин 3-4 йилда барча ҳудудларда минглаб янги боғчалар қуришимиз, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтаришимиз лозим.
Кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда 11 йиллик таълим қайта тикланди.
Жойлардаги ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун Тошкент вилоятида Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. Бундан ташқари, 15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сиртқи бўлимларда ўрта махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагоглар учун олий маълумот олиш имконияти яратилди.
Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган махсус мактаблар ташкил этилди.
Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди.
Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Шулар қаторида Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институтининг, Тошкент шаҳрида эса АҚШнинг Вебстер университетининг филиалларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилганини таъкидлаш лозим. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Фанлар академиясига сайлов ўтказилиб, ўзининг илмий ишлари билан мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ном қозонган истеъдодли олимлар академик деган юксак шарафга сазовор бўлдилар. Энди барчамиз Фанлар академиясидан янги илмий ишланмалар, истиқболли тадқиқотлар яратиш бўйича амалий натижалар кутиб қоламиз.
Буларнинг барчасидан биз ягона бир мақсадни кўзда тутмоқдамиз. Яъни Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт.
Азиз дўстлар!
Жорий йилда маданий-гуманитар соҳаларни ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳақида гапирганда, аввало, маданият, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот воситалари соҳасига тааллуқли 12 та муҳим ҳужжат қабул қилинганини қайд этиш лозим.
Юртимиздаги ижодий уюшмаларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари” ташкил этилди.
Яна бир муҳим янгилик – Тошкент шаҳридаги Миллий боғ ҳудудида муҳташам Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, Қорақалпоғистонда ва бир қатор вилоятларимизда улуғ адибларимизнинг номлари билан аталган ижод мактаблари барпо этилди. Шунингдек, Қўқон шаҳри, Хоразм ва Жиззах вилоят драма театрлари қайта реконструкция қилинди, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди.
Маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлган ана шундай лойиҳалар ҳақида гапирганда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланганини алоҳида қайд этиш зарур. Шулар қаторида буюк алломаларимизнинг ёдгорлик мажмуалари қошида ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тасаввуф, калом ва ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилди. Албатта, бизнинг бу ишларимиз чуқур илмий ва амалий асосларга эга.
Маълумки, қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққан. Уларнинг аниқ фанлар ва диний илмлар соҳасида қолдирган бебаҳо мероси, бутун инсониятнинг маънавий мулки ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонимизнинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзма асарлар сақланмоқда. Афсуски, бу нодир китоблар ҳали тўлиқ ўрганилмаган, улар олимлар ва ўз ўқувчиларини кутиб турибди. Ушбу ноёб асарларда бугунги давр ўртага қўяётган жуда кўп долзарб муаммоларга жавоб топиш мумкин. Хусусан, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, барча одамларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган теран маъноли фикр ва ғоялар бугун ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотган эмас. Лекин биз ана шундай ноёб мерос ворислари, шундай бойлик эгалари бўлатуриб, уларни ҳар томонлама ўқиш-ўрганиш, халқимиз, аввало, униб-ўсиб келаётган ёшларимизга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш бўйича, етарли иш қилмаганимизни ҳам очиқ тан олиш керак.
Биз диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида кўп гапирамиз. Бу тўғри, албатта. Лекин маърифат, маърифий билимлар қаерда – аввало ота-боболаримиз бизга қолдириб кетган мана шундай мўътабар китобларда эмасми?
Бизнинг ушбу йўналишдаги барча амалий ҳаракатларимиз айнан мана шундай эзгу мақсадга қаратилган бўлиб, нафақат мамлакатимиз ва мусулмон дунёсида, балки жаҳон миқёсида ҳам катта қизиқиш ва эътибор уйғотмоқда. Ана шундай бебаҳо бойликка, минглаб билимдон уламолар, фаол зиёлиларга эга бўлган, бу соҳада катта ташаббуслар билан чиқаётган халқ ва давлат сифатида юртимиздан қандайдир ақидапараст, диний оқимларга берилган кимсаларнинг чиқиши албатта бизга ярашмайди.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
2017 йил жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Юртимиз ёшларининг спорт соҳасидаги ютуқлари барчамизни қувонтирмоқда. Жаҳон ва қитъа миқёсида янги-янги чемпионлар, шахмат бўйича халқаро гроссмейстерлар етишиб чиқмоқда.
Якунига етиб бораётган йилда ўзбекистонлик спортчилар бокс, дзюдо, таэквандо, оғир атлетика, эркин кураш, самбо бўйича ўтказилган турли халқаро мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришдилар. 2017 йил айниқса ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъни 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтадиган 18-Осиё ўйинларида қитъамиз спортчилари ўзбек миллий кураши бўйича ҳам ўзаро беллашадилар. Энди жаҳон спорт майдонларида “ҳалол”, “ғирром”, “чала”, “ёнбош” деган сўзлар жаранглаб, ўзбек номини, Ўзбекистон номини дунёга тараннум этади.
Айни вақтда биз Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг фаолиятини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқдамиз. Бўлғуси халқаро олимпиада ўйинлари ва бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарлик ишлари энди бутунлай янгича асосда йўлга қўйилади.
Бугун, мана шу юксак минбардан туриб, барча спортчи ёшларимизга, уларнинг устоз ва мураббийларига миллий спортимизни ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун катта миннатдорчилик билдириб, янги зафарлар тилашга рухсат бергайсиз.
Муҳтарам юртдошлар!
Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришдик.
2017 йилда 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди. Қабул қилинган ҳужжат ва келишувларни ўз вақтида тўлиқ бажариш мақсадида 40 та “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” тамойилини амалда татбиқ этишга киришдик. Натижада минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда.
Туркманистон ва Қирғизистон билан стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Қозоғистон билан стратегик ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш борасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди, 2 миллиард доллар миқдорида иқтисодий битимлар тузилди. Тожикистон билан ҳамкорлигимиз ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда. Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида авиақатнов йўлга қўйилди.
Қирғизистон билан давлат чегаралари тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган катта қадам бўлди. Қўшни Афғонистон Ислом Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлида муҳим келишувларга эришилди, янги иқтисодий лойиҳалар бўйича амалий ишлар бошланди. Шунингдек, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари, мусулмон мамлакатлари билан ҳам самарали битим ва келишувларга эришилди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқаларни янги босқичда давом эттирмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлигимиз тикланди, Европа инвестиция банки билан шериклик алоқалари ўрнатилди. Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялар банки билан ўзаро ҳамкорлик самарали тус олмоқда.
Мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Албатта, йил давомида амалга оширган ишларимиз тўғрисида яна кўп гапириш мумкин. Лекин буларнинг барчаси биз танлаган узоқ ва машаққатли, айни пайтда ягона тўғри йўлдаги дастлабки қадамлар, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Фурсатдан фойдаланиб, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга оширишда муносиб иштирок этган давлат ва нодавлат ташкилотлар, хўжалик бирлашмалари ва компанияларга, бу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Муҳтарам мажлис иштирокчилари!
Мамлакатимизда шаклланган ижобий анъанага мувофиқ, энди сизлар билан бирга кириб келаётган янги – 2018 йилга қандай ном бериш ҳақида келишиб олишимиз керак. Биз бу масала бўйича кўп ўйладик. Йил давомида фуқароларимиздан Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига, давлат идораларига келган кўплаб мурожаат ва хатлар, жойларда бўлиб ўтган учрашувларда билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳам ҳисобга олдик, жамоатчилик фикрини ўргандик.
Билдирилган таклиф ва тавсияларнинг барчасини инобатга олиб, мен янги – 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном беришни таклиф этаман.
Шу ўринда фаол тадбиркорлик деган тушунчага қисқача тўхталиб ўтиш зарур. Фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этадиган иқтисодий йўналишдир.
Фаол тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт. Керак бўлса, хориждаги етакчи компания ва ташкилотларда тажриба орттириши, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун уларга ҳар томонлама имконият туғдириб беришимиз лозим.
Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади.
Инновация – бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак. Шунинг учун биз Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этдик ва унинг олдига аниқ вазифаларни қўйдик. Бу вазирлик нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки бутун жамият ҳаётида энг муҳим лойиҳаларни амалга оширишда ўзига хос локомотив ролини бажаради, деб ишонамиз.
Келгуси йилда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси эътиборимиз марказида бўлади.
I. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари
Ҳурматли халқ ноиблари!
Бугунги кунда жамият ҳаётидаги мавжуд муаммоларни самарали ечиш, кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш зарурати давлат бошқаруви соҳасида мутлақо янги тизим яратишни тақозо этмоқда. Ўйлайманки, бунинг учун “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вақти келди.
Бу борада бошқа муҳим масалалар қаторида давлат хизматчилари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг муносиб ижтимоий таъминот тизимини яратиш, айни вақтда мансабдор шахслар жавобгарлигини оширишни ҳам кўзда тутиш мақсадга мувофиқдир.
Биз бошқарув соҳасида биринчи навбатда ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлар, моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезон ва тартибларни жорий этишимиз зарур.
Иккинчидан, ижро ҳокимияти органлари зиммасидаги вазифаларни амалга ошириш тартибини, уларнинг масъулият доирасини аниқ белгилаш лозим.
Учинчидан, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирларни қисқартириш ва бозор механизмларидан кенг фойдаланиш керак. Яъни давлат иштирокидаги бизнес тузилмаларини ташкил этишни чеклаш, бу борада бозорга хос механизмларни ишлаб чиқиш, давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш даркор.
Тўртинчидан, ҳокимиятнинг вакиллик органлари ва ижро ҳокимияти идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлайдиган усул ва услубларни такомиллаштириб, ўта марказлашган бошқарувдан босқичма-босқич воз кечиш лозим.
Давлат хизматларини бевосита қуйи бўғинларда кўрсатиш, маҳаллий ҳокимият идоралари учун молиявий ва бошқа имкониятларни кенгайтириш зарур. Бу борада мавжуд тартиб-таомилларни оптималлаштириш ва соддалаштириш, бошқарувнинг инновацион шаклларини жорий этиш лозим.
Бешинчидан, давлат хизмати институтини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши таъсирчан кураш механизмларини жорий этиш керак.
Бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этмоқда.
Юқорида зикр этилган вазифаларни бажариш учун Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга оширишимиз даркор.
Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида ушбу йўналишда алоҳида қонун қабул қилинди. Шу асосда аниқ мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган давлат дастури изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ана шундай ишларимиз натижасида шу йилнинг 9 ойида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилга нисбатан 33 фоизга камайди. Биз бундай натижаларни коррупцияга қарши кураш борасидаги узоқ ва давомли фаолиятимизнинг дастлабки самараси, деб қабул қилишимиз, бу йўлда янада қатъий иш олиб боришимиз шарт.
Қадрли дўстлар!
Ислоҳотларимиз самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторларнинг ўрни ва ролигаалоҳида тўхталишни жоиз, деб ҳисоблайман.
Шу йил 12 июлда Олий Мажлис аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб, амалий чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаган эдик. Лекин бу дастур ижросидан халқимиз қандай наф кўрди, қайси депутат ёки сенатор одамларимизнинг оғирини енгил қилишга, соғлиқни сақлаш, экология, коммунал хўжалик, таълим ёки бошқа соҳаларда уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилишга қандай ҳисса қўшди?
Бу борадаги аниқ мисолларни халқимиз ҳаётда ҳам, матбуот ва телевидениеда ҳам кўраётгани йўқ. Бу – ҳақиқат.
Афсуски, депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак, бу – ҳаёт талаби, деган гаплар гаплигича қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, кутилган амалий натижа йўқ.
Йил давомида билдирилган 136 та қонунчилик ташаббусидан бор-йўғи 27 таси депутатларга тегишли бўлиб, улар ҳам асосан амалдаги қонунларга Президентнинг фармон ва қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалардир. Шунинг ўзи парламентимиз фаолияти самараси етарли эмаслигини кўрсатмайдими?
Нима, ислоҳотларни амалга ошириш учун фақат Президент фармон ва қарорлар қабул қилиши керакми?
Қачон парламент, майли, кўп эмас, ҳеч бўлмаса битта соҳани тубдан яхшилашга қаратилган қарор ёки қонун ишлаб чиқади? Қачон бўлади бу иш?
Эл-юртимиз сизлардан, муҳтарам халқ ноибларидан бу борада жавоб кутмоқда. Депутат ёки сенатор бўлиб сайландик, энди ўзимиз хоҳлаганча юрамиз, деган гаплар ўтмишда қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, уйғониш керак.
Афсуски, парламентимиз фаолияти кўп ҳолларда шунчаки расмий йиғилишлардан иборат бўлиб қолмоқда.
Нима учун аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этилмаяпти? Самарасиз назорат, қуруқ мажлисларнинг, айтинглар, кимга кераги бор?
Парламентимиз соғлиқни сақлаш тизими, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллий Кенгашларда ишчанлик, ўз-ўзини танқид руҳини яратишга бош-қош бўлиши зарурлиги таклиф қилинган эди.
Бироқ бу соҳаларда парламент ва депутатларнинг ўрни етарлича сезилмаяпти.
Бугунги кунда биронта ҳам ҳудудда соғлиқни сақлаш тизими аҳоли учун муносиб хизмат қиладиган даражада ташкил этилган, деб айтолмаймиз.
Қонунчилик палатаси (Н.Исмоилов) ўз иш фаолиятида асосий эътиборни тизимдаги ана шу муҳим муаммоларни, айниқса, жойларда ҳал этишга қаратса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Керак бўлса, Қонунчилик палатасида соғлиқни сақлаш масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этиб, унинг аъзолари асосан ҳудудларда фаолият кўрсатса, нур устига нур бўларди.
Ҳисоботларга эътибор берсак, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида гўёки ижобий ўзгаришлар юз бераётгандек туюлади, лекин улар фақат рақамларда акс этмоқда, холос. Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак.
Қачонки, ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади.
Афсуски, биронта туманда халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилгани йўқ.
Сенат раҳбарияти (Н.Йўлдошев) юқори палатанинг бу йўналишдаги ишини танқидий кўриб чиқиши, аҳолининг фикр ва мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, вакиллик органлари фаолиятини тубдан ўзгартириш бўйича зарур чораларни кўриши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни ҳам сусайтирмаслик лозим.
Парламентимизнинг энг муҳим фаолияти – қонун ижодкорлигини ҳам камчилик ва нуқсонлардан холи, деб бўлмайди. Очиқ тан олиш керак, аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда.
Ўзингиз айтинг, самарасиз ишчи гуруҳлар ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, “ўлик” қонунлар кимга керак? Ана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз лозим.
Бундан буён турли дастурлар ижроси доирасида қонун қабул қилиш амалиётини қайта кўриб чиқамиз.
Барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт.
Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан – фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак.
Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиши зарур. Шу муносабат билан мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун Интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ қилиш зарур. Яъни бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда белгилаб қўйилиши лозим.
Биз яқинда Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтини ташкил этдик. Ушбу институт Олий Мажлисга келаётган турли таклифларни чуқур таҳлил қиладиган, таъбир жоиз бўлса, элакдан ўтказадиган илмий марказ бўлиши лозим.
Яна бир муҳим масала – барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш керак. Бу жараёнда ҳам рақамлар кетидан қувиш амалиётидан воз кечиш лозим. Қоғозда юзлаб масалаларни ҳал қилгандан кўра, амалда бир нечта муаммони ҳал қилиб берсангиз, одамлар сизлардан рози бўлади.
Энг муҳими, ҳаётдаги ўзгаришларни халқимиз билиши, давлат ҳокимияти тизимида ҳақиқатда ҳам ўз вакили борлигини сезиши керак. Бўлмаса, барча ишларимиз, тадбирларимиз зое кетади.
Партиялараро рақобатни таъминлаш, барча сиёсий субъектлар учун тенг шароитлар яратиш парламент ролини кучайтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Маълумки, 2008 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Экологик ҳаракати ўтган даврда чинакам сиёсий кучга айланди. Аммо тан олиш керак, Ҳаракат вакиллари парламент қуйи палатасига квота асосида киритилиши унинг фаол ва ташаббускор бўлиб ишлашини муайян даражада сусайтирмоқда. Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш ва парламент қуйи палатасидан Экологик ҳаракат вакиллари учун махсус ўрин ажратишдан воз кечиш вақти келди, деб ўйлайман. Бу ўзгариш сиёсий майдонда соғлом рақобатни кучайтиради ва Экологик ҳаракатнинг алоҳида сиёсий куч сифатида мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Шу ўринда сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Бу борада қабул қилинган 6 та қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатлари, афсуски, ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган. Шу сабабли халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим. Шунингдек, 2019 йилда ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳозирдан киришиш керак. Дастурда мазкур сиёсий жараён янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Ҳурматли дўстлар!
Олдимизда турган навбатдаги муҳим масала – давлат хизматлари сифатини тубдан яхшилаш, уларнинг кўламини кенгайтириш орқали аҳоли учун қулай муҳит яратишдан иборат. Шунинг учун барча давлат идоралари томонидан кўрсатиладиган хизматларни мувофиқлаштириб ва назорат қилиб борадиган янги тузилма – Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлигини ташкил этдик. Эндиликда ушбу Агентликнинг Халқ қабулхоналари қошида фаолият олиб борадиган Давлат хизматлари марказлари нафақат тадбиркорларга, балки бутун халқимизга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатадиган идора бўлади.
Давлат органлари фаолиятини режалаштириш, самарадорлигини ошириш ҳамон долзарб масала бўлиб турибди.
Бугун бирорта идоранинг ўтган даврдаги фаолиятини холисона баҳолаш имконини берадиган аниқ мезон йўқ. Масалан, ҳозирги кунгача мен Иқтисодиёт вазирлиги ёки бошқа бирон вазирлик фаолиятига қайси мезонлар бўйича баҳо берилишини билмайман. Шунинг учун вазирлик ва идоралар, барча даражадаги ҳокимликлар прогноз кўрсаткичларни белгилашда ўз фаолиятида кутилаётган натижаларнинг аниқ миқдор ва сифат кўрсаткичларини белгилаб олиши лозим.
Давлат органлари тузилмаси ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда. Энг муҳими, бу борада хатога йўл қўймаслик, чуқур ўйлаб қарор қабул қилиш учун Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш бўйича комиссиядан албатта ижобий хулоса олиниши лозим.
Мамлакатимизда қабул қилинаётган чора-тадбирларни самарали амалга оширишда ижро ҳокимияти органларининг уйғун фаолият олиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Афсуски, бугунги кунда фаолият йўналишидаги жавобгарлик даражаси, ваколат механизмлари аниқ чегаралаб, белгилаб қўйилмагани ишимизга халақит бермоқда.
Шу муносабат билан давлат бошқарувида очиқликка асосланган, самарали қарорлар қабул қилиш тизимини татбиқ этиш лозим.
Давлат бошқарув органлари ва Вазирлар Маҳкамаси ўртасида ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш бўйича принцип ва механизмларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Ҳар бир вазирлик ўзига ишониб топширилган соҳада давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлаши ва якуний натижа учун тўлиқ жавобгар бўлиши шарт.
Вазирликлар билан тенг мақомда фаолият олиб бораётган, ҳукумат ва парламент билан бевосита ҳамкорлик қилаётган агентликлар, қўмита, инспекция ва марказларни тегишли вазирликларга бўйсундириш талаб этилади. Шуни назарда тутган ҳолда, Ҳукуматнинг вазифа ва тузилмасини танқидий қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш лозим. Бундай ўзгаришлар давлат ва хўжалик иши соҳасида деярли бир хил вазифаларни бажараётган юздан ортиқ бошқарув органлари сонини тубдан қисқартириш имконини беради.
Биз учун энг оғир муаммолардан бири – давлатнинг функция ва ваколатлари ҳаддан ташқари марказлашиб кетганидир. Масалан, ҳозирги вақтда 64 та лицензия тури мавжуд бўлса, шундан 21 таси Вазирлар Маҳкамаси ва 40 таси марказий идоралар томонидан берилади. Бу лицензияларнинг учтаси вилоят ҳокимликлари ва фақатгина биттаси туман ҳокимликлари ваколатига тегишлидир. Бундай ҳолатни рухсат бериш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш соҳасида ҳам кузатиш мумкин.
Рухсат беришга оид 220 та ҳужжатдан фақатгина 11 тасини туман ёки шаҳарларда олиш мумкин. Қолган 209 таси учун республика ва вилоят органларига мурожаат қилишга тўғри келади. Ўзингиз айтинг, буни тўғри деб бўладими? Масалан, Шовот туманида хусусий боғча очишга лицензия олиш учун тадбиркор минг километр масофани босиб, Тошкентга келиб-кетишга, 3-4 ойлаб кутишга мажбур бўлмоқда.
Кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, кредит ва молия воситаларини ажратиш, маҳаллий даражада кўпгина муҳим қарорларни тасдиқлаш борасида ҳам шундай ҳолатлар кузатилмоқда.
Маҳаллий ҳокимлик органлари оддий масалаларни ҳал этишда ҳам ваколатга эга бўлмаса, буни қандай тушуниш мумкин?
Буларнинг барчаси маҳаллий тузилмаларга ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш бўйича мустақил иш олиб боришда салбий таъсир кўрсатмоқда.
Давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш зарур. Бунинг учун кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш керак. Шунинг учун жойларда – туман, шаҳар ва вилоят ҳокимликларида инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича ҳоким ўринбосарлари лавозими жорий этилди.
Шу билан бирга, ҳудудий бошқарув органларининг бюджет маблағларини шакллантириш, қўшимча захираларни яратиш бўйича солиқ, молия ва иқтисодиёт соҳалари органларининг масъулиятини ошириш юзасидан қарор қабул қилинди.
Бюджет тизимини ислоҳ қилиш соҳасида маҳаллий ҳокимият органлари ваколатлари янада кенгайтирилди. Энди ҳар бир ҳудуд раҳбари берилган имкониятлардан фойдаланиб, масъулиятни тўла ўз зиммасига олиши, ўз аравасини ўзи тортиши керак.
Яқин истиқболдаги долзарб вазифалардан бири – ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларга масъул бўлган раҳбарларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича ваколатларни туман ва шаҳар ҳокимларига тўлиқ ўтказишдан иборат. Бундан буён тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими, иқтисодиёт, молия бўлимлари, солиқ инспекцияси ва бошқа тузилмалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш туман ҳокими томонидан амалга оширилади. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бўйича кадрларни танлаш, тайинлаш ва лавозимдан озод этиш билан боғлиқ ваколатлар қайта кўриб чиқилади.
Айни пайтда маҳаллий раҳбарларга бундай кенг ваколат ва мустақиллик бериш билан бирга, якуний натижа учун уларнинг жавобгарлигини тубдан оширишимиз зарур.
Яна бир муҳим вазифа – ҳокимларнинг ижро ва вакиллик ҳокимияти раҳбари сифатидаги ваколатларини алоҳида-алоҳида ажратиб қўйиш билан боғлиқ.
Кейинги пайтда юртимизда халқ депутатлари Кенгашларининг роли, халқ ноибларининг ваколатлари тубдан оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, депутатлик назорати эса мустаҳкамланди. Бироқ, очиқ тан олишимиз лозим, ҳокимларнинг ҳам маҳаллий Кенгашларга, ҳам ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиши демократик принципларга мос келади, деб бўлмайди.
Ҳаммага маълум, ҳокимлар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан маҳаллий Кенгашларга ҳисоботлар тақдим этади. Кенгашлар эса ўз ўрнида тегишли қарорлар қабул қилади. Энди, айтинглар, ҳисоботини ўзи раҳбарлик қилиб келаётган маҳаллий Кенгашга тақдим қилиши ва тасдиқлатиши, ўзининг фаолиятига ўзи баҳо бериши тўғрими?
Бу тизим ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар вазифаларини самарали бажаришига салбий таъсир этаётганини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Биз келгусида бу масала бўйича қонунга асосланган тўғри ечим топамиз.
Ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантириш, маҳаллий бюджетни ижро этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиш каби долзарб фаолияти устидан халқимиз ўз вакиллари орқали тегишли назоратни амалга оширишига имконият яратиб бериш бизнинг энг муҳим вазифамиз бўлиб қолиши зарур.
Бугунги шароитда айнан очиқлик ва ҳисоб бериш масъулияти давлат аппаратини самарали шакллантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Яқин келажакда барча давлат харидларини амалга ошириш ва давлат мулкини сотиш учун Интернет тармоғида ягона майдон ташкил этиш лозим. Бу бюджет харажатларини қисқартириш, давлат мулкини самарали бошқариш ва катта молиявий маблағларни иқтисод қилиш имконини беради.
Муҳтарам юртдошлар!
Эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ислоҳотларимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳозирги кунда юртимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд, 29 та халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг филиал ва ваколатхоналари фаолият юритмоқда. 2017 йилда “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Савдо-саноат палатаси, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши каби нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида фармон ва қарорлар қабул қилинди. Аммо ана шундай муҳим саъй-ҳаракатларга қарамасдан, аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни аниқ ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Улар фақат номига йиғилишлар ўтказиш билан машғул бўлиб қолмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари бугун айтилган танқидий гаплардан хулоса чиқариб, ўз фаолиятида бурилиш ясайди, деб ишонамиз. Ушбу ижтимоий тузилмалар билан амалий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Бу йўналишдаги яна бир долзарб муаммога тўхталиб ўтмоқчиман. Бугунги кунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмаган. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга халақит бермоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарур. Шу муносабат билан барча давлат органлари қошида фаолият олиб борадиган жамоатчилик кенгашлари ташкил этишни таклиф қиламан. Мазкур жамоатчилик кенгашлари давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлайдиган, уларни аҳоли билан бевосита боғлайдиган кўприк вазифасини бажариши лозим.
Жамиятимиз ҳаётида демократик принципларни мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ва таъсирчан омил ҳисобланади. Бу борада чинакам профессионал замонавий журналистикани шакллантириш, хусусан, нодавлат оммавий ахборот воситаларини, ахборот ва таҳлилий Интернет сайтларни молиявий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш, бунинг учун алоҳида давлат фондини тузиш мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда юртимизда 1 минг 500 дан зиёд оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатмоқда. Улар мулк шакли, йўналиши, ахборот узатиш воситаларига кўра турличадир. Ўз-ўзидан равшанки, уларнинг барчасига юқори малакали кадрлар керак.
Афсуски, бундай кенг кўламли вазифани талаб даражасида ҳал этадиган таянч олий ўқув юрти мамлакатимизда мавжуд эмас. Шу муносабат билан Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.
II. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари
Ҳурматли депутат ва сенаторлар!
Мен бир фикрни такрорлашдан чарчамайман: халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт.
Ўтган бир йил давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Хусусан, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Кенгаш томонидан судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашда таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Мазкур соҳадаги ислоҳотларни давом эттиришимиз лозим. Шу мақсадда Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман. Бу комиссия одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириши, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиши, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш керак. Тергов ва суд ишига аралашиш ҳолатларини аниқлаш, бунинг учун жавобгарликни кучайтириш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ғоят муҳимдир.
Биз “Хабеас корпус” институтини жорий этиш ва тергов олиб боришда суд назоратини кучайтириш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш зарур.
Биз айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Шу мақсадда 2018 – 2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишимиз ва амалга оширишимиз зарур.
Халқимизнинг кечиримли бўлиш ва бағрикенглик каби азалий қадриятларидан келиб чиқиб, жиноий жавобгарликка тортиш муддатларини қайта кўриб чиқиш лозим. Шунингдек, юксак профессионал даражада фаолият юритадиган малакали судьяларни тайёрлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этишимиз керак.
Конституция байрамига бағишланган мажлисда таъкидланганидек, бундан буён Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмайди. Бундай ҳаракатларни содир этган ходим ёки кимнингдир “буюртмаси”ни бажарган ҳар қандай шахс, ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар қонуний жазога тортилади.
Маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлайдиган қўшимча механизмлар яратишни ҳисобга олган ҳолда, жиноят-ижро қонунчилигини янада такомиллаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
Жазони ижро этиш муассасалари тизимини танқидий ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш доирасида 2018 – 2022 йилларда тегишли чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида барча вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, жазони ижро этиш муассасалари видеокузатув воситалари билан жиҳозланади. Келгуси йилдан бошлаб ички ишлар органлари йўл-патрул ва пост-патрул хизматларини ўз вазифасини бажариш, айниқса, фуқаролар билан мулоқот жараёнини қайд этиш имконини берадиган видеокамералар билан таъминлаймиз. Бу тизим соҳадаги мавжуд таъмагирлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини яратади.
Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патрул постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай постлар мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинада келмоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади. Шу муносабат билан вилоятлар чегарасидаги барча йўл-патрул постларини тугатиш, патрул хизмати стационар постлари сонини кескин камайтириш лозим.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, биз ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, ҳар томонлама билимли, юқори малакали, халқаро стандартларга жавоб берадиган, ўз касбининг ҳақиқий фидойиси бўлган ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш ишларини такомиллаштиришимиз керак.
Айни пайтда юртимиздаги олий таълим муассасаларига юридик мутахассислик бўйича бир йилда 600 га яқин талаба қабул қилинади. Бу жами олий ўқув юртларига қабул қилинадиган талабаларнинг атиги бир фоизини ташкил этади. Ўзингиз айтинг, бу билан давлатимиз ва жамиятимизнинг ҳуқуқшунос мутахассисларга бўлган, тобора ортиб бораётган эҳтиёжини қондириш мумкинми? Албатта, йўқ. Бу борада Тошкент давлат юридик университетининг ўқув-методик базасини кенгайтириш билан бирга, мамлакатимизда мазкур йўналишдаги йирик ва нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш биз учун муҳим вазифа ҳисобланади.
Барчага маълумки, юртимизда охирги йилларда адвокатурани ривожлантириш бўйича эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилди. Эндиликда адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш чораларини кўришимиз лозим. Адвокатлар томонидан юридик хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятни кенгайтириш даркор. Жумладан, тадбиркорларга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашиш, давлат органларида вакиллик қилиш, низоларни судгача ҳал этиш, меҳнат ҳуқуқи бўйича юридик хизматлар кўрсатиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби йўналишларда бундай хизматларни кучайтириш керак.
Барчамизга аёнки, шу вақтгача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд идораларининг асосий вазифаси аксарият ҳолларда одамларни жазолашдан иборат бўлиб келган. Бу – аччиқ ҳақиқат. Шу муносабат билан бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари яхши билиб олсин – “текшир-текшир” ва “деди-деди” қабилидаги гаплар асосида жавобгарликка тортишлардан халқимиз қаттиқ чарчаган.
Ваколат доирасидан чиқиб, барча соҳаларга аралашиш, Ватан ва халқ манфаати бир четда қолиб, ўз манфаати йўлида “идора” номини рўкач қилиш даври ўтди. Яъни энди биронта фуқаро қалбаки далиллар, туҳмат ва бўҳтонлар асосида жавобгарликка тортилмаслиги шарт. Конституция ва қонун нормалари сўзсиз ишлаши учун ишончли кафолатлар яратишимиз зарур.
Биз ҳар қайси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи бевосита ўз ваколати доирасидан чиқмайдиган, бир-бирининг функциясини такрор этмайдиган тизим шакллантиришимиз шарт. Лўнда қилиб айтганда, ички ишлар – жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш билан, миллий хавфсизлик – давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш билан шуғулланиши лозим. Прокуратура эса қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориши зарур. Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим. Шу мақсадда ўтган бир йил мобайнида суд, прокуратура, ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширдик. Ушбу идораларнинг вазифалари аниқ белгиланиб, уларнинг фаолияти халқ манфаатларига хизмат қилишга йўналтирилмоқда. Лекин бу борада қабул қилинган қатор қонун, фармон ва қарорларимиз ҳаётга тўлиқ татбиқ этилди, дейишга, албатта, ҳали эрта.
Кўрилаётган чораларга қарамасдан, ички ишлар идоралари ҳали чинакам “Халқпарвар ички ишлар идоралари”га айлангани йўқ.
Прокуратура органларининг эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти етарли эмас.
Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ.
Мазкур идоралардаги барча ходимлар фаолияти фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тўлиқ сафарбар этилмоқда, деб айтолмаймиз. Шу сабабли бу соҳадаги ислоҳотларни келгусида ҳам қатъий ва изчил давом эттирамиз.
Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради. Улар учун ягона ва энг қаттиқ талаб – бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборат. Энг асосийси, биз бир идора қўлида барча ваколат ва ресурслар тўпланиб қолишига, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати принципи бузилишига йўл қўймаслигимиз зарур.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Миллий хавфсизлик хизмати идоралари бугунги кунгача 26 йил аввал Ҳукумат тасдиқлаган Низом асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу Низом чорак аср давомида ўзгартирилмагани ва ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган.
Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда. Айнан шу нуқтаи назардан ва глобаллашув даврининг барча таҳдидларини инобатга олган ҳолда, Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди. Шу муносабат билан “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги ва “Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этаман. Ўйлайманки, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда фаровон ҳаёти кафолатларини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий пойдевор яратади.
III. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари
Қадрли дўстлар!
Ҳаммамиз яхши тушунамиз, ҳар қандай ислоҳот ва ўзгаришни барқарор иқтисодиётсиз амалга ошириб бўлмайди. Биз ўтган йил давомида бу борада кенг кўламли ишларни бошладик. Лекин миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, юртимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш учун олдимизда ҳали кўплаб вазифалар турибди.
Бугунги кунда дунёда инновацион тараққиёт моделларини жорий этиш, илғор ғоялар, “нау-хау” ва “ақлли” технологияларни экспорт қилиш ҳисобидан тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар сони тобора ортиб бормоқда. Мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни, афсуски, қониқарли деб бўлмайди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.
Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё рейтингида 187 мамлакат ўртасида 134-ўринда турибди. Ваҳоланки, Ўзбекистон жуда бой табиий ресурсларга, катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган давлат. Юртимиз заминида олтин, кумуш, мис, уран, нефть, табиий газ, кўмир каби табиий қазилма бойликларнинг катта захиралари мавжуд. Умуман, Менделеевнинг кимёвий моддалар жадвалидаги барча элементларни мамлакатимиздан топиш мумкин.
Биздаги унумдор тупроқ, тўрт фаслда ҳам офтоб чиқиб турадиган қулай иқлим ва бетакрор табиатни, ўзингиз айтинг, яна қаерда топиш мумкин?
Ҳамма гап ана шу бебаҳо бойликни халқимиз манфаати йўлида оқилона ва самарали ишлата олишда. Лекин, очиқ тан олишимиз керак, бу масалада биз орқада қолмоқдамиз. Масалан, 2017 йилда юртимизда газ ишлаб чиқариш ҳажми 56,5 миллиард куб метрни ташкил этди. Аммо мазкур соҳа йиллар давомида модернизация қилинмагани туфайли йўқотиш миқдори жуда катта – 20-23 фоизни ташкил этмоқда. Бу бойликнинг катта қисми бекордан-бекорга исроф бўлаётгани албатта барчамизни ўйлантириши, ташвишга солиши керак. Чунки Худо бундай неъматни ҳаммага ҳам бермаган. Уни қадрлаш, ҳар бир мисқолини асраб-авайлаб ишлатиш керак
Иқтисодиёт – бу ҳисоб-китоб дегани. Ҳар бир ишимизда пухта ҳисоб-китоб биринчи ўринда туриши лозим. Акс ҳолда, ҳамма ишимиз эски ҳаммом, эски тос бўлиб қолаверади. Мана, масалан, 2018 йилда 66 миллиард куб метр табиий газ ишлаб чиқаришимиз керак. Шундан 17 миллиард куб метр газ “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига етказиб берилади. Бунинг ҳисобидан 56 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Афсуски, бизда электр узатиш тармоқлари эскириб кетган. Бунинг оқибатида 15-20 фоиз электр энергияси истеъмолчига етиб бормасдан, тармоқнинг ўзида беҳуда йўқотилмоқда.
Ёки яна бир мисол. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибига кирадиган корхоналар томонидан йилига 10 миллиард куб метр табиий газ истеъмол қилинади. Шу асосда минерал ўғитлар ишлаб чиқарилиб, фермерларимизга етказиб берилади. Фермер хўжаликларидан бунинг учун маблағлар ўз вақтида ундирилмагани сабабли “Ўзкимёсаноат” корхоналари 2017 йил 1 декабргача табиий газдан 890 миллиард сўм қарздор бўлиб қолган.
Бозор шароитида маҳсулот етказиб берувчи ҳам, истеъмолчи ҳам ўз шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажариши керак. Акс ҳолда, бир жойда депсиниб, бошимиз муаммодан чиқмайди.
Иқтисодиётда бошқарув тизими эскиргани, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали механизмлар ўз вақтида жорий қилинмагани ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Шунингдек, технологик қолоқлик, ресурс ва энергияни тежайдиган технологиялар, муқобил энергия манбаларини татбиқ этишнинг сустлиги ҳам иқтисодий тараққиёт йўлида тўсиқ бўлмоқда.
Энг ёмони, истиқболли йирик лойиҳаларни белгилаш ва амалга оширишда жиддий хатоликларга йўл қўйилгани, хорижий кредитлар самарасиз ишларга сарфлангани иқтисодиёт ривожига халақит бермоқда. Масалан, мамлакатимизда 25 йил давомида олинган кредитларнинг аксарияти етарлича иқтисодий самара бермаганини турли эксперт ва мутахассислар очиқ тан олмоқда. Мисол учун, Қорақалпоғистонда барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси кутилган иқтисодий фойдани бермаяпти. Молия вазирлигида ўтирган баъзи “валломатлар” вақтида бу – дунёдаги энг зўр лойиҳа, деб бутун оламга жар солган эди. Лекин қани натижа?
Бундай ачинарли ҳолатни халқимизнинг энг ўткир эҳтиёжлари билан боғлиқ ижтимоий дастурлар бўйича ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида охирги 10 йилда 17 та лойиҳа доирасида 618 миллион доллардан зиёд хорижий кредит маблағлари жалб этилди. Агар шунча валюта халқимиз турмуш шароитини яхшилаш учун самарали ишлатилиб, аниқ натижага эришилганида, албатта, бу ишда ташаббускор бўлган иқтисодиёт комплексининг раҳбарларига бугун минг бор раҳматлар айтар эдик. Лекин, афсуски, бундай бўлгани йўқ. Бошланган лойиҳаларнинг кўпчилиги охирига етказилмади. Ичимлик суви қанча-қанча одамлар учун ҳали ҳам ширин орзулигича қолмоқда. Уларнинг умиди, ишончи оқланмагани учун ким жавоб беради?
Биз, аввало, четдан кредит ва сармоялар олиб келиш бўйича самарали тизим яратишимиз, ҳар бир кредитни аниқ ишлатишни ўрганишимиз лозим. Бу масалада етти ўлчаб, бир марта кесадиган, оқибатини пухта ўйлаб иш олиб борадиган давр келди.
Шу нуқтаи назардан, давлатнинг инновацион янгиланиш дастурини шакллантириш, инновация ва инвестициялардан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини, янги сармоядорлар синфини тайёрлаш ўта муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун Ўзбекистонни технологик ривожлантириш ва ички бозорни модернизация қилиш бўйича кучли миллий ғоя, миллий дастур керак. Ушбу дастур Ўзбекистонни жаҳондаги тараққий топган мамлакатлар қаторига тезроқ олиб чиқишга имкон яратиши лозим.
Мамлакатимизда асосий энергия ресурсларининг нархи паст бўлиб қолаётгани бозор иқтисодиёти шароитида ўзини оқламаслигини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз. Масалан, Ўзбекистонда аҳоли ва саноат корхоналари учун 1 мегаватт соат электр энергиянинг нархи 25 АҚШ долларини ташкил этади. Германияда эса бу нарх аҳоли учун – 332 доллар, корхоналар учун – 144 доллардан иборат. Россияда тегишлича 47 ва 51 долларни, Ҳиндистонда 68 ва 87 долларни ташкил этади. Шунингдек, 1000 куб метр табиий газнинг нархи Ўзбекистонда 32,9 доллар, Швецияда 1552, Португалияда 1132 доллардан зиёд, Италияда 1045, Германияда 785 доллардан, Англияда эса 770 доллардан ортиқни ташкил этади. Бу рақам Россияда 83 доллардан, Қозоғистонда 45 доллардан зиёддир.
Кўриниб турибдики, бизда энергия ва табиий газ ресурслари ривожланган давлатларга нисбатан бир неча баробар арзон. Лекин ресурслардан оқилона фойдаланиш йўқлиги натижасида таннархнинг пасайишига, маҳсулот ҳажми ўсишига эришиш қийин бўлмоқда.
Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун мамлакатимиз энергетика тизимини ислоҳ қилишимиз, бу борада аниқ стратегия ишлаб чиқишимиз лозим. Аввало, самарасиз ва зарар билан ишлайдиган корхоналарни хусусийлаштириш, монополияни тугатиш керак. Шунингдек, электр энергияси етказиб беришда рақобат муҳитини шакллантириш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш зарур. Бунинг учун хусусий секторни кенг жалб этган ҳолда, ишлаб чиқаришни молиялаштириш бўйича бозор механизмларига ўтиш талаб этилади.
Биз 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилган эканмиз, келгуси йили фаол тадбиркорликни ривожлантириш эътиборимиз марказида бўлади. Бу соҳани қўллаб-қувватлаш, бизнес субъектларини жадал ва барқарор ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Афсуски, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда ҳали ҳам муаммолар йўқ эмас.
Юртимизда тадбиркорлик нима учун кутилган даражада ривожланмаяпти? Чунки бу соҳа вакилларини асоссиз равишда текшириш ҳолатлари кўп. Очиғини айтганда, тадбиркорликнинг эркин ривожланишига ўзимиз – давлат идоралари йўл қўймаяпмиз. Ҳеч кимга керак бўлмаган тартиб-таомиллар ҳамон сақланиб қолмоқда, жойларда кўпгина амалдорлар фақат ўз шахсий манфаатини ўйлаб иш кўрмоқда.
Бу ҳақда гапирганда, машҳур давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг бир гапи беихтиёр эсга тушади. Қаранг, у нима деб ёзган экан: “Баъзилар тадбиркор деганда соғин сигирни, фақат саноқли одамларгина тадбиркор деганда оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади”.
Ўйлайманки, бу гапларнинг нақадар тўғри эканига изоҳ беришнинг ҳожати йўқ.
Бозор иқтисодиётининг талаби шундайки, ресурс ва имкониятлардан фойдаланиш имкони, яъни фаолият майдони ҳаммага тенг бўлиши керак. Яккаҳокимликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотларни мамлакатимизга импорт қилиш фақат айрим гуруҳлар қўлида тўпланиб, улар учун мўмай даромад манбаига айланиб қолганини адолатдан деб бўлмайди.
Баъзи бир корхоналарга имтиёзлар бериш орқали ўзимиз эркин рақобат муҳитини бўғиб, нархларнинг барқарор бўлишига салбий таъсир кўрсатмоқдамиз.
Энди биз бундай амалиётдан воз кечамиз. Бу масалада ҳаммага тенг шароит яратилади. Имтиёзлар айрим корхоналарга эмас, балки алоҳида ишлаб чиқариш ва хизмат турларини рағбатлантириш мақсадида берилади. Имтиёзни рўкач қилиб, энг муҳим фаолият турларини тўла монополия қилиб олишга мутлақо йўл қўйилмайди.
Бозор иқтисодиёти шароитида тенг ва ҳалол рақобат муҳитини яратиш мақсадида “Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада самарали таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
ўпчиликка яхши аён: божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Жаҳон банкининг ҳисоботига кўра, экспорт-импорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон 190 та давлат орасида 175-ўринда тургани ачинарли, албатта. Айтайлик, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш учун Бельгияда 1 соат кифоя қилса, бизда бунга 1 ойлаб муддат сарфланади.
Импорт товарлар ҳар бир божхона режимида алоҳида-алоҳида текширувдан ўтказилади. Бундай божхона режими бизда бир нечта. Нима учун мамлакатимиз ҳудудининг ўзида битта юк бир неча марта текширилиши керак? Бундан ким манфаатдор? Ҳар бир текшириш харажат талаб қилади-ку! Нима, бизнинг молиявий имкониятларимиз чексизми? Бундан ташқари, товарнинг турига қараб мувофиқлик, гигиеник ёки ветеринария бўйича сертификатларсиз товарларни божхона омборидан чиқаришга йўл қўйилмайди. Бизнинг ҳар бир божхона омборимиз экспресс-лабораториялар билан жиҳозланган эмасми? Бу жараёнлар қанчалик очиқ ва ошкора, нега бу ҳақда мутасадди идоралар бонг урмайди?
Барча ривожланган давлатларда божхона кўриги хавф-хатардан огоҳ этиш тизими орқали амалга оширилади. Бу ҳам давлат ресурсларини, ҳам тадбиркорларнинг вақтини тежайди. Лекин бу тизим бизда ҳанузгача жорий этилмаган. Келгуси йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун божхона кўригида хавф-хатардан огоҳ этиш тизими, яъни тадбиркорлар қанчалик ҳалол эканига қараб, уларни “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказишни жорий этамиз.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов) 2 ой муддатда тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаб, киритиши зарур.
Айни вақтда ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашни кучайтириш керак. Шу мақсадда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш лозим.
Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши фаолияти давр талабига жавоб бермаяпти. Буни очиқ тан олиш керак. Ўзингиз ўйланг, ушбу кенгашнинг ишчи органи ҳам, энг кўп текшириш ўтказадиган назорат органи ҳам – солиқ идорасининг ўзи. Текшириш учун ҳам ўзи рухсат берса, ҳам ўзи текширса, буни қандай тушуниш мумкин?
Шу муносабат билан текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтиш ва унинг назоратини Бош прокуратурага юклаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Биз 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берганимиз муносабати билан барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатсак, нима дейсизлар?
Бош прокурор бошчилигида назорат қилувчи органлар раҳбарлари ҳар ойда намунали, фаол тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиб, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, қонуний фаолиятига тўсқинлик қилаётган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриб бориши талаб этилади.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда Савдо-саноат палатаси томошабин бўлиб ўтирмаслиги лозим. Шу билан бирга, палата фақат давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни муҳокама қилмасдан, тадбиркорлар содир этаётган номаъқул ишларни, айниқса, жиноятларни танқидий муҳокама қилиши зарур.
Тадбиркорлар ҳамжамияти нопок тадбиркорларга нисбатан муросасиз бўлиши лозим. Уларга нисбатан биринчи навбатда давлат эмас, балки тадбиркорларнинг ўзлари муносабат билдирадиган ва ушбу муҳит софлигини таъминлайдиган тизим яратишимиз керак.
Яна бир муҳим масала – юртимизда фонд бозори, фонд биржасини янада ривожлантириш учун Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ишини тубдан қайта ташкил этиш лозим.
Биз бўш турган давлат мулки объектларини ўзаро шериклик асосида хусусий секторга ўтказиш бўйича ишларни давом эттирамиз. Интернет тармоғида электрон савдолар ва аукционлар орқали ер участкаларини, жумладан, тадбиркорлар учун ажратишнинг ягона тартибини ўрнатиш зарур. Шу мақсадда 2018 йилдан бошлаб электрон савдо майдонлари орқали давлат активларини сотиш бўйича электрон тизим ташкил этилади.
Иқтисодиётни ривожлантиришда пухта ва барқарор банк-молия тизими улкан аҳамиятга эга. Биз аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк тизимига ишончини кучайтирмасдан туриб, “яширин иқтисодиёт”дан тўлиқ халос бўла олмаймиз.
2018 йилда банк тизими фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишда банклар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини таъминлаш масалаларига асосий эътиборни қаратиш зарур.
Валюта бозорини ислоҳ қилишга қарши бўлган айрим “экспертлар”нинг иккиланиши ва “маслаҳат”ларига қарамасдан, биз қисқа муддатда халқаро стандартлар асосида валютани либераллаштириш жараёнини бошладик. Лекин биз яхши тушунамизки, бу иш ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг бошланиши, холос.
Валюта сиёсати бизнес ва иқтисодиётни ривожлантириш манфаатларига тўлиқ хизмат қилиши, инвестиция фаолиятига ижобий туртки бериши лозим.
2018 йилда солиқ сиёсатини амалга оширишда кескин чора-тадбирлардан воз кечамиз. Чунки ислоҳотлар даврида давлат тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатиши учун бюджет барқарорлиги сув билан ҳаводек зарур.
Ўзбекистонда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида бўлган инвесторлар учун мамлакатимизни жозибали қилиш мақсадида солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак.
Барча бизнес тоифалари учун солиқ юкини камайтириш ва қулайлаштириш, шу асосда ишлаб чиқаришни ва солиққа тортиладиган базани кенгайтириш зарур.
Ўз эҳтиёжи учун объектлар қураётган, янги ташкил этилган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига ягона солиқ тўловини маълум муддатга кечиктириш ҳуқуқини бериш даркор. Шунингдек, кичик корхоналар учун қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтишни рағбатлантириш шарт.
Шу билан бирга, тез ривожланаётган, йириклашиб бораётган корхоналарни рағбатлантириш сиёсатига ўтиш лозим.
Солиқ имтиёзлари беришда индивидуал ёндашувлардан воз кечиб, уларни фақат иқтисодиётнинг маълум тармоқлари учун қўллаш амалиётига ўтишни таклиф этаман.
Энг муҳими, инвесторлар назари билан қараганда, солиқ тизими узоқ муддат давомида аниқ ва тушунарли бўлиши керак. Шунинг учун солиқ тизимида пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган сиёсатни амалга ошириш лозим.
Биз мамлакатимиз бюджет тизимини қайта кўриб чиқишимиз, бюджет даромадлари ва харажатлари халқимиз учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлашимиз зарур.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, куни кеча бўлиб ўтган Сенат мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги давлат бюджети ҳамда солиқ тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ муҳим қонунлар маъқулланди. Ушбу қонунларга имзо қўйишда мен уларда халқимиз манфаатларини тўла акс эттириш, тадбиркорлар ва инвесторлар учун янада қулай шароит яратиш, ҳудудларимизни ривожлантириш бўйича аниқ чоралар назарда тутилганми, йўқми – шунга алоҳида эътибор қаратаман. Керак бўлса, бу қонунларни оддий одамларимиз ва тадбиркорларимиз манфаати нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишга ҳам тайёрман.
Бизда энг катта муаммо нима, биласизларми?
Бизда инвестиция дастурларини шакллантиришда пухта режалаштирилган, узоқ муддатга мўлжалланган ягона концепция йўқ.
Ҳар бир давлат ташрифида биз хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича бир неча миллиард долларлик келишувларга эришмоқдамиз. Аммо бу келишувларни амалга ошириш жуда сусткашлик билан бормоқда. Негаки, бу борада аниқ ишлайдиган тизим мавжуд эмас.
Амалдаги инвестиция дастурларида аниқ бир лойиҳага оид маълумотлар йўқ. Дастурларни шакллантиришда Иқтисодиёт вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар фақат рақамлар ортидан қувиш билан банд. Улар шу мақсадда иқтисодий наф бермайдиган, истиқболи йўқ, молиялаштириш манбалари аниқ бўлмаган лойиҳаларни ҳам дастурга қўшиб юбориш, лойиҳа нархини асоссиз ошириб кўрсатиш, бир сўз билан айтганда, кўзбўямачилик билан шуғулланмоқда.
Бундай нохуш амалиётга чек қўйиш вақти келди. Биз бу ҳолатларга барҳам бериш ва инвестицияларни иқтисодиётнинг реал секторига жалб қилиш, лойиҳаларни шакллантиришнинг бутунлай янги механизмини жорий этиш бўйича қарор қабул қилдик. Шошма-шошарлик билан ишлаб чиқиладиган сохта инвестиция дастурларини қабул қилиш амалиётидан бутунлай воз кечилди.
Бундан буён ривожланишнинг узоқ муддатга мўлжалланган концепциялари ишлаб чиқилади. Бу борада биринчи қадам сифатида Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари қабул қилиниб, мазкур дастурларни молиялаштириш фонди ташкил этилди.
Иқтисодиётни ривожлантиришда аҳоли қўлида тўпланган маблағларни инвестиция шаклида ҳаракатга келтириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини кучайтириш муҳим вазифаларимиздан биридир. Шу мақсадда Интернет тармоғида маҳаллий ва хорижий инвесторларни керакли статистик ахборотлар билан таъминлайдиган, бизнес юритиш учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берадиган “Инвестиция портали” очишни таклиф этаман.
Хорижий тажрибалар асосида барча инвесторлар учун туну кун ишлайдиган бепул мобиль телефонлар алоқасини ташкил этиш зарур. Чет эл инвесторлари учун ўз капиталини тезроқ олиб чиқиб кетмасдан, уни қайта инвестиция қилишга ундайдиган рағбатлантириш тизимини яратиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим.
Ҳокимлар, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг инвестицияларни жалб этиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш, янги ишлаб чиқариш турларини ташкил этиш, иш ўринлари яратиш бўйича фаоллигини ошириш зарур. Кейинги йилдан бошлаб жойларда инвесторлар учун яратилган шароитларни аниқлаш бўйича рейтинг натижалари эълон қилиб борилади, керак бўлса, ҳудуд раҳбарлари фаолиятига айни шу мезон асосида баҳо берилади.
Маълумки, бугунги кунда дунёнинг 33 та мамлакатида элчихоналаримиз мавжуд. Лекин мамлакатимизнинг инвестиция соҳасидаги жозибасини ошириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишга кўмаклашиш бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланяптими? Элчихоналардаги савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиларнинг иши қониқарлими?
Элчиларимиз учун иқтисодиёт, инвестиция масалалари, афсуски, иккинчи даражали бўлиб қолган. Улар фақатгина “сиёсат” билан банд. Элчихоналарда иқтисодиёт, молия, инвестиция масалалари бўйича мутахассислар етишмайди. Бундан буён, керак бўлса, ҳар бир элчихона ходимини лавозимга тайинлашда уларнинг иқтисодий билим ва кўникмаларини алоҳида ўрганиш тизимини жорий қилиш зарур.
Ҳурматли дўстлар!
Ташқи иқтисодий соҳада ҳали ишга солинмаган катта имконият ва захиралар мавжудлигини таъкидлаш лозим. Бу борада биз Марказий Осиё мамлакатлари ва йирик шерикларимиз – Хитой, Россия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркия, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришни давом эттирамиз.
Келгуси йилда Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо юкларини жаҳондаги ва минтақадаги асосий бозорларга олиб чиқадиган ишончли транспорт ва транзит йўлакларини изчил шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бугунги кунда бизнинг асосий юкларимиз Қозоғистон транзит йўлаклари орқали, айниқса, энг кўп юклар “Сариоғоч” станциясидан ўтади ва бу маршрут имкониятлари бизнинг эҳтиёжларимизни тўлиқ қондирмоқда, деб айтолмаймиз. Ушбу станциядан товарларни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда электровозлар, замонавий терминаллар етишмаслиги, темир йўл тармоқларидаги бандлик маҳсулотларнинг узоқ муддат қолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли логистик маршрутларни диверсификация қилиш, бу борада қўшниларимиз билан амалий музокаралар ўтказиш зарур.
Хитой давлатининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг транспорт-коммуникация инфратузилмалари соҳасидаги имкониятларини ошириш лозим. Транзит давлатлар, хусусан, Туркманистон, Эрон, Қозоғистон, Россия, Озарбайжон ва Грузия ҳудудларидан асосий экспорт юкларини транзит шаклида ташишда преференцияларга эга бўлиш ҳақида жиддий ўйлашимиз керак. Шу сабабли хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг логистика соҳасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ҳаракатларини рағбатлантиришимиз даркор.
Шунингдек, миллий юк ташувчиларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга қўшимча шароитлар яратиш мақсадида “Миллий логистика портали”ни ташкил этиш лозим.
Келгуси йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокараларни қайта бошлаймиз. Экспортни янада рағбатлантириш мақсадида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштириш лозим. Асосий мақсадларимиздан бири – ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни “ўзбек бренди” номи билан олиб чиқишдан иборат.
Ҳозирги кунда миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган давлат ҳисобланади. Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш зоналари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш мумкин. Бу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, биз зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада давлат-хусусий шериклик муносабатларини қўллаш соҳани тараққий эттиришда кенг имкониятлар очишини ҳисобга олишимиз лозим.
Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларидаги муқаддас қадамжолар ва ёдгорликларни зиёрат қилишдан иборат бўлган “кичик ҳаж” дастурини ривожлантириш ва жадаллаштириш зарур. Ички туризм соҳасидаги катта имкониятларни ҳам тўлиқ ишга солиш лозим.
Бош вазир ўринбосари С.Холмуродов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов ана шу масалаларни ҳал этиш бўйича ҳужжатларни бир ой муддатда ишлаб чиқиб, тақдим этсин.
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
Рухсатингиз билан, иқтисодиётимиздаги етакчи тармоқ – қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Шу йил 9 декабрда бўлиб ўтган Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган йиғилишда биз бу ҳақда батафсил гаплашиб олдик. Айтилган фикрларни такрорламасдан, қуйидаги муҳим масалаларга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблайман.
Маълумки, ҳозирги кунда юртимизда 51 фоиздан зиёд аҳоли қишлоқ жойларда яшайди. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоиздан ошмайди. Аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 10 фоизга ҳам етмайди. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 50 фоиздан ортиқни ташкил этади. Шу муносабат биланқишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш лозим.
Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал этиш, генетик модификация қилинган маҳсулотлар етиштирмаслик бўйича қатъий назорат ўрнатишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Сўнгги йилларда мамлакатимиз бозорларида импорт мева-сабзавот маҳсулотлари кўпайиб бораётгани бизни албатта ҳушёрликка чақириши керак. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун, аввало, йўқолиб бораётган қадимги навларни тиклаш, селекция ишларини оқилона ва самарали йўлга қўйиш, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ишланмаларни кенг жорий этишимиз зарур.
Маълумки, мамлакатимиз тўқимачилик саноати 1 миллион 400 минг тоннагача пахта толасини қайта ишлаш имкониятига эга. Бу республикамиздаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчилар эҳтиёжини тўлиқ қоплай олади. Лекин пахта толасини қайта ишлаш саноатини бошқаришда кўпгина муаммолар мавжуд. Бу эса пахта хомашёсини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашда рентабелликнинг пасайишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан соҳадаги муаммоларни ҳал этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада рағбатлантиришга оид алоҳида фармон қабул қилинди. Бугунги кунгача ўзимизнинг тўқимачилик корхоналаримизга пахта хомашёсини фақат “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти орқали сотар эдик. Фармонга мувофиқ тўқимачилик корхоналари пахта хомашёсини энди тўғридан-тўғри тузилган шартнома асосида бевосита фермерлардан сотиб олиш имкониятига эга бўлди.
Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида пахта-тўқимачилик кластерларини яратиш доирасида пахта хомашёсини бозор талаблари асосида етиштириш, нарх-навони шакллантириш ва сотишни ташкил этиш бўйича тажриба бошланди. Келгусида бундай ижобий тажрибани бутун мамлакатимиз миқёсида жорий қилишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Чорвачилик соҳасига тўхталадиган бўлсак, қорамол ва парранда сонини кўпайтириш, бу борада сифат ва маҳсулдорликка эришиш учун етарли шароит яратишимиз зарур. Яқин истиқболда ҳар бир туманда ихтисослаштирилган бўрдоқичилик комплекслари, юқори технологик паррандачилик фабрикалари, шунингдек, иссиқхона хўжаликлари ташкил этилиши лозим.
Биз ҳозирги вақтда 1,5-2 миллиард доллар миқдорида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқдамиз. Лекин ушбу соҳада йилига 10-15 миллиард доллар маҳсулот экспорт қилиш имконияти мавжуд. Маҳсулот тайёрлаш ва экспорт қилишда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти, биржалар, агрофирмалар ва улгуржи компаниялар катта роль ўйнаши лозим.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали реализация қилиш жуда муҳим масаладир. Шу мақсадда фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар ҳажми ва миқдори ҳақидаги маълумотларнинг ягона базасини яратиш зарур.
Қадрли халқ ноиблари!
Шу ўринда ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, имконият ва жавобгарлигини кенгайтириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг 9 та туманида хорижий инвестиция иштирокида биронта ҳам корхона ташкил этилмаган. Тўғридан-тўғри инвестициялар асосан Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Фарғона водийсига тўғри келмоқда.
Ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўйича лойиҳаларни давлат-ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш орқали тўлиқ амалга оширишимиз зарур. Бироқ бу борада етарли иш олиб борилмаётганини қайд этиш жоиз. Шунинг учун Давлат-хусусий шериклик муносабатларини жорий этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш керак.
Иқтисодиётимизнинг тўла ишга солинмаган, катта салоҳиятга эга йўналишларидан бири – бу қурилиш соҳасидир. Келгуси йилда қурилиш соҳасини ислоҳ қилиш ва жадал ривожлантириш асосий вазифалардан бири бўлади.
Биз қурилиш-пудрат ташкилотлари ва қурувчиларнинг замонавий авлодини яратиш устида жиддий бош қотиришимиз зарур. Шу мақсадда қурилиш соҳасини 2030 йилгача инновацион ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Бу борада хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий мутахассисларнинг чет мамлакатларда малака ошириши учун барча зарур шароитни яратамиз.
Келгуси йилда шаҳар ва қишлоқларимизнинг меъморий қиёфасини янада яхшилаш борасидаги ишларни изчил давом эттирамиз.
Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак: ҳар бир бино, у боғча бўладими, шифохона бўладими, ўз асосий вазифасини бажаришдан ташқари, кўриниши билан одамларнинг кайфиятига ҳам бевосита таъсир этади. Шу сабабли ҳудудларда қурилиши режалаштирилаётган ижтимоий объектларни лойиҳалаштиришда эски қолиплардан воз кечиб, инновацион ёндашувларни жорий этиш зарур.
Аҳоли, айниқса, ёш оилалар, эски уйларда яшаётган ва бошқа тоифадаги фуқароларнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, биз арзон ва сифатли уй-жойлар қуриш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Шу мақсадда 2018 йилда намунавий ва арзон уй-жойлар қуриш кўламини жорий йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайтириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган.
Яна бир муҳим масала – хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада янги тузилган вазирлик – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташаббус кўрсатиб ишлаши керак.
Янги йилда кўпгина аҳоли пунктларида, аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлаш лойиҳалари амалга оширилади. Шу тариқа ҳудудларда яшаётган 580 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
2018 йилда янги йўллар барпо этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қуйидаги ишларни режалаштирганмиз:
биринчидан, 180 километр узунликдаги темир йўлларни қайта тиклаш ва 200 километрдан ортиқ темир йўлларни электрлаштириш;
иккинчидан, Тошкент – Урганч – Хива тезюрар поезди ва Тошкент –Самарқанд – Бухоро – Урганч – Хива туристик поезди ҳаракатини йўлга қўйиш, Тошкент Жанубий вокзали ҳамда Хива янги вокзалини фойдаланишга топшириш;
учинчидан, Бухоро – Мискин ва Қарши – Китоб темир йўл йўналишларини электрлаштириш ва Шаҳрисабз билан бирлаштирадиган янги темир йўл тармоғини қуриш;
тўртинчидан, Тошкент шаҳрида Сергели ва Юнусобод метро йўналишлари, пойтахтимиз атрофидаги катта ҳалқа йўл бўйлаб ҳаракат қиладиган ер усти метроси қуриш борасидаги ишларни жадаллаштириш;
бешинчидан, сифатли хизмат кўрсатиш имконини берадиган замонавий инфратузилмалар барпо этиш орқали автомобиль йўллари ва темир йўл йўналишларида йирик транзит хабларини ташкил этиш.
Кейинги йилларда муҳим стратегик тармоқ – аэрокосмик технологияларни сунъий йўлдош орқали иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқларига жорий этишга, афсуски, биз етарлича эътибор бермадик. Замонавий тараққиётнинг муҳим шарти ва омили бўлган ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда, миллий космик инфратузилмаларимизни яратишимиз керак. Ушбу йўналишга дахлдор бўлган илмий-тадқиқот институтларини такомиллаштириш ва уларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш зарур.
Биз аэрокосмик фаолият борасида алоҳида давлат органини ташкил этиб, бу соҳани ривожлантириш билан боғлиқ вазифаларни комплекс равишда ҳал этишимиз керак.
IV. Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар
Муҳтарам парламент аъзолари!
Ҳурматли вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари!
Биз илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича “истеъмол саватчаси” тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратишимиз лозим.
Айни вақтда аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, стипендия, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич ошириш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилади.
Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида сўнгги вақтда олиб бораётган ишларимизга қарамасдан, афсуски, жойларда кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шуларни ҳисобга олиб, ҳудудлар аҳолиси учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттирамиз. Бу борада масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини ўз шароитимизга мослаштириб татбиқ этишимиз керак.
Айни вақтда хусусий тиббиётни жадал ривожлантириш учун хорижий инвесторларни жалб этиш ва чет эллик мутахассислар мамлакатимизда доимий фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ишларни янада кучайтирамиз.
Ҳеч кимга сир эмас, аҳолини дори-дармон билан таъминлаш одамларни қийнаётган долзарб муаммолардан биридир. Бу масалани ҳал этиш мақсадида яқин вақт ичида аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона қурилиб, ишга туширилади.
Она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. 2018 йилда 46 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади. Улар замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадрлар билан таъминланади. Тиббиёт фани ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда, қишлоқ врачлик пунктларида касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича замонавий диагностика лабораторияларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Аҳолини телекоммуникация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида узоқ туманларда 2 минг километр оптик толали алоқа тизимлари қуриш, Интернет ўтказувчанлигини 2,5 баробар ошириш ва 4 мингдан ортиқ таянч мобиль алоқа станциясини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Мазкур чора-тадбирлар натижасида 600 дан зиёд аҳоли пункти Интернет ва мобиль алоқа билан таъминланади.
Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши ва бўш вақтини мазмунли ўтказишига қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Маданий мерос объектларини ишончли қўриқлаш ва улардан оқилона фойдаланиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Археологик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва археологик топилмаларни сақлаш дастурини ҳам қабул қилиш лозим.
Шу билан бирга, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган юртдошларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича қабул қилган барча қарорларимизнинг ижроси албатта таъминланади.
Нега деганда, ҳақиқий олимлик, ҳақиқий ижодкорлик – бу игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш. Буни билган одам билади, билмаган билиб олиши зарур.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича келгуси йилда кенг кўламдаги ишлар кўзда тутилмоқда. Жумладан, Нукус шаҳрида Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби, Урганчда “Ёшлик” спорт мажмуаси, Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида универсал спорт комплекслари, Қарши шаҳрида спорт-соғломлаштириш мажмуаси, кўп тармоқли ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилади.
Азиз дўстлар!
Биз ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилдик. Шу асосда янгича ёндашувлар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.
Ёшлар ҳақида гап кетганда, мен доим бир нарсани ўйлайман. Мана, бугунги кунда қанча-қанча ёшларимиз чет элларда таълим олмоқда, меҳнат қилмоқда. Албатта, уларнинг орасида ўз йўлини топиб, бегона юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаётганлари ҳам кўп. Лекин Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди. Шунинг учун улар билан доимий алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтиришимиз зарур.
Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб беришимиз керак. Ёшларимиз хориждаги тенгдошлари билан илм-фан, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа соҳаларда фаол мулоқотда бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу уларнинг ўз салоҳиятини дунё миқёсида намоён этишлари учун катта имконият яратади. Шунинг учун келгуси йили Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё ёшлари форумини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Жорий йилда олиб борган ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижаларидан бири – бу, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай чек қўйилгани бўлди. Бундай ижобий ўзгаришлар Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа тузилмалар томонидан эътироф этилгани эътиборга лойиқ, албатта.
Биз бундан буён ҳам инглиз тили ва бошқа хорижий тилларни чуқур ўқитиш масаласига устувор аҳамият қаратамиз. Шу билан бирга, биз учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича таълим олиш ва кадрлар малакасини ошириш ишларини кенг кўламда йўлга қўямиз.
Бу ҳақда сўз юритганда, айтиш лозимки, биз улуғ боболаримизнинг муносиб давомчилари бўладиган етук инсонларни тарбиялаш масаласига, афсуски, етарлича аҳамият бермадик. Ҳолбуки, интеллектуал ва маданий салоҳиятнинг қандай ноёб бойлик экани, нодир талант эгаларини тарбиялаб камолга етказиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутишга ҳаққимиз йўқ. Ривожланган мамлакатлар бугунги юксак тараққиёт даражасига айнан шунинг ҳисобидан етгани – бу ҳам ҳақиқат.
Минг афсуски, мамлакатимизда катта илмий салоҳиятга эга бўлган айрим олимлар, истеъдодли ёшлар ўртасида хорижий давлатларга кетиб қолиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Қанча-қанча ўзбек йигитлари, ўзбек қизлари бугун чет эллардаги йирик компания ва банкларда, нуфузли университетлар, халқаро ташкилотларда катта-катта лавозимларда хизмат қилмоқда. Мен шахсан ўзим хорижий мамлакатларга сафарларим чоғида ўнлаб ана шундай ватандошларимиз билан учрашиб, мулоқотда бўлдим.
Чет эллардаги юртдошларимизга консуллик хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш, уларнинг юртимизга бемалол келиб-кетиши, мамлакатимизни тараққий эттиришда иштирок этишлари учун зарур шароитлар яратилмоқда. Биз бу ишларни келгусида янада кенгайтирамиз.
Шу муносабат билан чет элларда яшаётган ва ишлаётган ватандошларимиз билан ўзаро ҳамкорлик соҳасида давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этаман.
V. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар
Муҳтарам депутат ва сенаторлар!
Барчамизга аёнки, жаҳонда кескин иқтисодий рақобат, ахборот хуружлари, террористик таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда. Дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида қонли тўқнашув ва низолар давом этмоқда. Минг афсуски, бундай нотинч кескинлик ўчоқлари камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда.
Ана шундай таҳликали вазиятни ҳисобга олган ҳолда, биз юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича фаолиятимизни ҳар томонлама кучайтиришимиз шарт. Бу – замон талаби.
Аввало, шу йўналишда шаклланган тизим самарадорлигини янада оширишимиз, айниқса, диний масалалар билан бевосита шуғулланадиган ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар масъулиятини янада кучайтиришимиз зарур. Хусусан, маҳалла раислари, профилактика инспекторлари, имом-хатиблар, диний-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари – барча-барчамиз биргаликда иш олиб боришимиз лозим.
Ишни ана шундай ташкил этсак, ҳар биримиз бу масалага бефарқ бўлмасдан, ўз боламизни, ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрайдиган бўлсак, мен ишонаман, бундай бало-қазолар ҳаётимиздан албатта йироқ бўлади.
Биз диний экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича ишларни янада такомиллаштирамиз.
Ахборот ресурслари орқали тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари таркибида алоҳида бўлинмалар ташкил этиш зарур.
Жамиятимизда диний конфессиялар ўртасида ҳамжиҳатлик ва фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлашни биз бундан буён ҳам энг долзарб ва эзгу вазифамиз деб биламиз. Шу мақсадда мамлакатимиздаги диний ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилади.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Шу ўринда яна бир муҳим масала – мамлакатимиз мудофаа тизимининг ташкилий тузилмаси, унинг ҳарбий-жанговар ҳолати, аскар ва офицерларнинг маънавий ва руҳий тайёргарлик даражаси бугунги тез ўзгараётган давр талабларидан ортда қолаётганини қайд этиш лозим.
Ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни бошланди.
Ҳарбий соҳадаги ислоҳотларимизнинг самарасини ошириш мақсадида янгидан қабул қилинаётган Мудофаа доктринаси муҳим роль ўйнайди. Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади. Унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Миллий гвардия барпо этилди, армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси тузилди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш соҳасида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар асосида Қуролли Кучлар академиясининг фаолияти тубдан қайта ташкил этилди.
Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда гапирганда, 2017 йилда ҳарбий хизматчилар учун 56 та кўпқаватли уй барпо этилганини ва бу ишлар келгуси йилда янада катта ҳажмда давом эттирилишини таъкидлаш жоиз.
Айни пайтда мудофаа соҳасида олдимизда янги ва муҳим вазифалар турганини барчамиз яхши тушунамиз. Аввало, Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Мудофаа доктринасининг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак
Давлатимизнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, армиямизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш ҳам энг муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш учун Мудофаа-саноат комплексини шакллантириш ва ривожлантириш давлат дастурини қабул қилишимиз зарур.
Мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, биз ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар, халқаро ташкилотлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш сиёсатини изчил давом эттирамиз.
Биз Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда тузилган шартнома ва келишувларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш бўйича барча зарур чора-тадбирларни кўрамиз
Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, бизга хайрихоҳ бўлиб келаётган халқаро ташкилотлар вакилларига, хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига самимий миннатдорчилик билдиришга рухсат этгайсиз.
Ҳурматли дўстлар!
Бугун сизларнинг эътиборингизга тақдим этилган ушбу Мурожаатномада баён қилинган режа ва лойиҳалар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янги, янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Айни вақтда барчамиз яхши тушунамизки, бу устувор йўналишларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш учун тегишли ҳуқуқий асос ва механизмларни яратиш зарур.
Шу муносабат билан Бош вазир А.Арипов, Давлат маслаҳатчилари У.Исмоилов, О.Муродов, Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудовга барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар ҳокимлари билан биргаликда, ушбу Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифаларни сўзсиз амалга оширишга доир комплекс чора-тадбирларни 2018 йил 10 январгача ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни таъминлаш вазифаси топширилади.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Албатта, Мурожаатномада баён этилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи босқич бўладиган 2018 йил биз учун осон бўлмайди. Буни очиқ айтиш керак. Лекин, халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб бўлса ҳам, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Нега деганда, бу ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди.
Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак.
Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз. Бу борада мен аввало кўп синовлардан ёруғ юз билан ўтган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси ва бунёдкорлик салоҳиятига ишонаман.
Эзгу мақсадларимизга эришиш йўлида барчангизга куч-ғайрат, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва фаровонлик тилайман.
Катта раҳмат сизларга, соғ-омон бўлинглар!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти. 2017 й. 22 декабр.