Ўзбекистон раҳбарияти улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов вафоти муносабати билан тазия билдирди

Mushtariylar: 1297
Абдулла Орипов

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов 

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради.  

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, атоқли жамоат арбоби Абдулла Орипов 75 ёшида вафот этди.

Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилди. 1963 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

У ўз меҳнат фаолиятини “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг турли нашриётларида муҳаррир, “Гулхан” журнали бош муҳаррири, Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги директори вазифаларида меҳнат қилди. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатиб, адабий маслаҳатчиликдан ушбу нуфузли ижодий ташкилотнинг раиси лавозимигача бўлган масъулиятли йўлни босиб ўтди.

Улкан сўз санъаткори, нодир истеъдод эгаси Абдулла Ориповнинг бетакрор ижоди теран миллий руҳи ва ҳаётийлиги билан ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ва мустаҳкам ўрин олди. У ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик ва публицистик асарларида она юртимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини беқиёс маҳорат билан тараннум этди.

Абдулла Орипов мустақил Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллади.

Халқимизнинг ардоқли фарзанди бўлган атоқли шоир ярим асрлик серқирра ижодий фаолияти давомида “Митти юлдуз”, “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Юртим шамоли”, “Ҳайрат”, “Йиллар армони”, “Ҳикмат садолари”, “Эзгулик”, “Шоир юраги”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Истиқлол манзаралари”, “Ранглар ва оҳанглар”, “Менга хуш хабар айт”, “Эверест ва уммон” каби шеърий китоблари, “Ҳаким ва ажал”, “Жаннатга йўл”, “Соҳибқирон” сингари чуқур фалсафий руҳдаги драматик асарлари, жаҳон адабиётининг Данте, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев каби мумтоз намояндалари меросидан қилган бадиий етук таржималари билан улкан ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Айниқса, истиқлол йилларида Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин ва обод ҳаётини, миллий ғурур, инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғловчи шеър ва достонлари, замондошларимизнинг олижаноб фазилатлари ва фидокорона меҳнати ҳақидаги публицистик чиқишлари билан жамоатчилик эътиборини қозонди.

Абдулла Орипов узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари сифатида республикамиздаги адабий муҳит ва ижодий жараённи жонлантириш, шоир ва ёзувчилар фаоллигини ошириш, уларни янги ижодий марраларга йўналтириш, ёш ижодкорларни тарбиялаш ва профессионал маҳоратини юксалтириш ишларига муҳим ҳисса қўшди. Айни пайтда, кўзга кўринган жамоат арбоби сифатида мамлакатимизнинг маданий ҳаётида фаол иштирок этиб, халқимиз ўртасида миллий ғоямиз тамойилларини кенг тарғиб этиш, жамиятимизнинг маънавий асосларини янада мустаҳкамлаш йўлида жонбозлик кўрсатди.

Абдулла Орипов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ва Сенати аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Улуғ шоир ва адиб Абдулла Ориповнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ва “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.

Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Абдулла Ориповнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
Х.Султонов, З.Рўзиев, А.Қаюмов, С.Ғаниева,
М.Аҳмедов, С.Саидов
 

Манба: Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, 2016 йил 10 ноябр.

Вы можете izih qoldirish, yoki trackback sazning saytingizdan.

Izoh qoldirish

Siz majbursiz tizimga kirish , izoh qoldirish uchin

OAV sifatida davlat ro'yhatidan o'tganligi to'g'risida 2013.12.04 da 0954-sonli Guvohnoma berilgan, ISSN 2181-7332