Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 19-банди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг 5–7-моддаларига мувофиқ:
1. Фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида соат 21:00 дан соат 07:00 га қадар комендантлик соати жорий этилсин.
3. Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг комендатураси ташкил этилсин ва унга Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунида назарда тутилган барча ваколатлар берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўмондони Рустам Мирзаевич Джураев Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг коменданти этиб тайинлансин.
4.Фавқулодда ҳолат амал қилиши даврида қуйидаги чоралар ва вақтинчалик чекловлар ўрнатилсин:
а) жамоат тартибини, ўта муҳим ва тоифаланган объектларни ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминловчи инфратузилма объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилсин;
б) Қорақалпоғистон Республикасида ҳаракатланиш эркинлиги, шу жумладан транспорт воситалари учун чеклансин;
в) жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар текширилиши, уларнинг шахсий кўрикдан ўтказилиши, улардаги ашёларва транспорт воситалари кўздан кечирилиши таъминлансин;
г) Қорақалпоғистон Республикасига кириш ҳамда ундан чиқиш чеклансин;
д) тинч йиғилишлар, кўнгилочар, спорт ва бошқа оммавий тадбирлар ташкил этилиши ва ўтказилиши тақиқлансин;
е) юридик шахслар фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга қаратилган иш ташлашлар ва бошқа ҳар қандай ҳаракатлар тақиқлансин;
ж) қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар, махсус воситалар, заҳарли моддалар сотилиши тақиқлансин, шунингдек, дори ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ҳамда этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари муомаласининг алоҳида тартиби жорий этилсин;
з) жисмоний шахслардан қурол ва ўқ-дорилар, заҳарли моддалар, юридик шахслардан эса қурол, ўқ-дорилар ва заҳарли моддалар билан бир қаторда ҳарбий ва ўқув-ҳарбий техника, портловчи ва радиоактив моддаларнинг вақтинчалик олиб қўйилиши таъминлансин.
5. Фавқулодда ҳолат режими шароитида ўрнатилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши учун маъсул этиб Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди комендатураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситалари белгилансин.
6. Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун аниқ таҳдид, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига хужум қилиш, уларнинг қурол ва техникасини эгаллаб олиш ҳолатларини инобатга олиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонунининг 23-моддасига мувофиқ қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари қўшимча равишда жалб этилсин:
Фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудга кириш ва ундан чиқишнинг алоҳида режимини таъминлаш;
аҳолининг ҳаёт фаолиятини ва транспортнинг ҳаракатланишини таъминловчи объектларни ҳамда инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи, шунингдек, атроф-муҳит учун юқори хавф туғдирадиган объектларни муҳофаза қилиш;
қурол, жанговар ва махсус техника қўлланилган ҳолда зўравонлик ҳаракатлари билан бирга юз берадиган тўқнашувларда иштирок этаётган қарама-қарши курашаётган тарафларни ажратиш;
қонунга хилоф қуролли тузилмалар фаолиятига чек қўйишда иштирок этиш;
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг кучлари таркибида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда, шунингдек одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишда иштирок этиш.
7. Комендант Р.М. Джураев манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида хавфсизликни таъминлаш ва ҳуқуқ тартиботни сақлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонуни талабларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун барча зарур чораларни кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т. Йўлдошев ушбу Фармон билан ўрнатилган чора ва вақтинчалик чекловларнинг амалга оширилишида қонунийликка риоя этилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фонди ва бошқа давлат манбаларидан фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун зарур маблағларни ажратсин.
10. Мазкур Фармон 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан эътиборан кучга киради ва оммавий ахборот воситаларида дарҳол эълон қилиниши лозим.
11. Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси палаталарига тасдиқлаш учун юборилсин.
12. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти. 2022 йил 3 июл. 02:33