Оммавий маданият – иқтисодиётнинг ҳам тармоғи бўлган умумхалқ маданиятидир

Sarq yulduzi2

“Шарқ юлдузи” журнали “Адабиёт — олдинда ёнган чироқ” деган рукн ёки сарловҳа остида бир қатор саволларни ўртага ташлаб, баҳс очибди. Бу саволларга бир нечта ёзувчилар жавоб ҳам беришган. Мен бу саволлар ва уларга баъзи бир ёзувчилар томонидан берилган жавоблар билан танишиб чиққач, улардан баъзиларининг фикрларига танқидий муносабатда бўлган ҳолда, баҳсда иштрок этиб, ўз фикирларимни билдириш ва уларни муштарийлар ҳукмига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқ бўлади деган ҳулосага келдим. Шунинг учун ҳам ушбу мақолани “Шарқ юлдузи” журнали кўтарган саволларга бирин-кетин берилган жавоблар шаклида тайёрладим ва унда кўтарилган масалалар муштарийлар эътиборини ўзига жалб қилиб, уларнинг оммавий маданият тўғрисидаги тушунча ва дунёқарашларини ижобий томонга ўзгаратиришга ёрдам беради, деб умид қиламан.

1. Бадиий асар тарбия воситасими? Яхши китоб эзгуликка, ёмони ёвузликка етаклашига ишонасизми?

1.1. Ҳа, бадиий асар тарбия воситаси бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин…

1.2. Агар сўз адабий китоб ва унинг мазмуни устида кетаётган бўлса, унинг яхшиси эзгуликка, ёмони эса ёвузликка етаклашига ишониш қийин. Лекин бу савол бошқа турдаги, масалан, диний, сиёсий ёки иқтисодий ва сиёсий масалаларга бағишланган  китобларга, шу жумладан илмий асарларга таълуқли бўлса, уларнинг яхшиси эзгуликка, ёмони эса ёвузликка етаклашига ишонса бўлади.

Масалан, илоҳий китоблардан Библия ва Қуръони Карим, фақатгина эзгуликка етаклаши ҳаммага маълум. Бироқ, уларга ҳавола қилган ҳолда, одамларни жиҳод орқали зулм ўтказиш ёки ҳалифаликни қайта ташкил этишга чақирувчи диний китоблар ёвузликка етаклаётган ҳолатлар ҳам жаҳон тажрибасида кўплаб учраб турадиган ҳодисаларга айланганлиги ҳозир ҳеч кимга сир эмас. Бундай фикр ҳақиқат эканлигини, масалан, Афғонистон ва Яқин Шарқда бўлаётган фожиялар яққол исботлаши мумкин.

Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларга бағишланган, илмий асосдаги китобларнинг яхшиси эзгуликка, ёмони ─ ёвузликка етаклашига инсоният тарихидан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин бундай китобларнинг яхшиси ҳам баъзида ёвузликка хизмат қилиши мумкин эканлигига тўғрисида ҳам тарихий далиллар етарли.

Бундай китоблар қаторига, бир томондан, масалан, марксистик иқтисод ва сиёсатга бағишланган китобларни киритиш мумкин бўлса, иккинчи томондан ─ фашизм ва нацизмнинг (ашаддий миллатчиликнинг) ғояларини тарғиб қилувчи асарларни киритиш ҳам мумкин. Бу соҳага боғишланган бадиий адабиёт эса мана шундай коммунистик ва фашистик ғояларни халқ оммасининг онгига сингдиришга хизмат қилганлиги ва қилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас, десак бу фикр ҳам сира муболаға бўлмайди.

2. Энг катта адабиёт юрагимизда яшайди. Демак, адабиёт ҳар биримизнинг, ҳаммамизнинг ичимизда. Лекин адабиётга “яқин” бўлганимиз ҳолда нега дунёда зулм бор? Нега бугун инсоният янги йўл қидирмоқда? “Йўлини йўқотган дунё”да адабиётнинг ўрни ва роли борми? Нега у, яъни адабиёт дунёнинг йўлини йўқотишига жим қараб тур(а)ди? Энди-чи, адабиёт дунёнинг равишига таъсир этиб, унинг янги, муносиб йўл топишига илҳомлантирувчи куч бўла оладими-йўқми?..

 2.1. Дунёда хозирги замонда ҳам зулм борлигига ҳали ҳам жаҳоннинг кўпчилик мамлакатларда ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалаларда адолатсизлик мавжудлиги сабаб бўлмоқда. Чунки Ер юзининг тахминан 7,4 миллиард атрофидаги аҳолисининг фақатгина 13 фоизи ёки 1 миллиардигина яхши яшагани ҳолда, уларнинг қарайиб 86,5 фойизи камбағал ва қашшоқликда яшамоқда. Натижада, жамиятда адолат ўрнатиш учун курашаётган ва бу курашда ўз манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган аҳолининг ижтимоий қатламлари, синфлари, парламентар партиялари ва бошқа жамоат ташкилотлари ўртасида, тинч йўллар билан олиб борилаётган ва “рангли инқилоб”лар ҳамда бошқа, жумладан, давлат тўнтаришлари кўринишида амалга оширилаётган уруш ва зўравонликлардан иборат зулм мавжудки, бундай зулм натижасида Жаҳондаги миллионлаб одамлар жабр кўрмоқда ва ҳалок бўлмоқда. Масалан, фақатгина Ироқда 2003–2011 йиллар давомида бўлиб ўтган босқинчилик ва фуқоролар урушлари натижасида бу мамлакат ахолисининг 1 000 000 (бир миллионга) яқин қисми ҳалок бўлган.

Бундан ташқари хозир Ер юзида 170 миллиондан зиёд ахоли очликдан истроб чекиб, улардан ҳар йили 36 миллионга яқини, шу жумладан ёш болаларининг ҳалок бўлаётганлиги билан боғлиқ зулм ҳам борки, бу жуда ҳам аянчли ҳолатлардан бири.

 2.2. XXI асрда ҳам ҳудди мана шундай адолатсизликлар ва зулм борлиги ҳамда Ер юзида даврий равишда рўй бериши натижасида жуда катта салбий оқибатларга олиб келиб, аҳолининг камбағаллашиши ва қашшоқлашишига сабаб бўлиб турадиган ва охиргиси 2008 йили бошланиб хозиргача давом этаётган жаҳон молиявий–иқтисодий бўҳронлари (инқирозлари) мавжудлиги учун ҳам, инсоният бугун улардан қутилишнинг янги йўлларини қидирмоқда.

2.3. Бадиий адабиёт дунё ривожланишнинг илмий асосланган йўллари ҳали ишлаб чиқилмаган бир шароитда жим турмасдан, унинг ўрни ва роли бу йўлни топиш, илмий–техника инқилоблари пайдо бўлишига ҳисса қўшиш учун илмий изланишлар олиб бораётган олимларнинг ва уларнинг илмий ва амалий лойиҳалари, технологиялари ва тавсиялари асосида, тадбиркорликни ривожлантираётган корчолонлар,  иқтисодий ва сиёсий ислоҳатлар олиб боришга ҳамда янги мустақил давлатларни қурилишига катта ҳисса қўшаётган давлат арбоблари ва сиёсатчилардан иборат давр қахрамонларини, бадиий образлар орқали ёритиб беришдан иборат бўлиши керак. Бадиий адабиёт ҳудди шундай фаолият билан шуғулансагина дунёнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиб, унинг янги, муносиб йўл топишига хизмат қиладиган илҳомлантирувчи кучга айланиши ҳам мумкин.

3. Битта асар жамиятга икки хил таъсир кўрсатадими? Нима учун?..

Албатта битта асар жамиятга ҳам, дунёнинг ижтимоий–иқтисодий ва сиёсий ривожланишига ҳам икки ҳил, баъзида ўлкан ва инқилобий даражадаги таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Қачонки бу асар, масалан, Карл Маркснинг “Капитал” деган илмий асарига ўхшаган бўлса. Чунки унинг бу асари жамиятни, пролетариат бўлмиш ишчилар синфи ва эксплуататорлардан иборат капиталистлар синфига бўлди ва уларга икки ҳил таъсир кўрсатди. XX асрда эса Ер юзида иккита, коммунистик ва капиталистик жамиятлар пайдо бўлишига олиб келдики, уларнинг бадий адабиёти ҳам мос равишда ривожланиб, бизнинг ўтмишимиз бўлган биринчисида, у халқни коммунистик руҳда тарбиялашга хизмат қилувчи совет адабиёти ва унинг “социалистик реализм” деган йўналишини юзага келтирган эди.

Бироқ капиталистик мамлакатлардан иборат Ғарб бадиий адабиётида шу асрнинг ўрталаригача ҳукм сурган “модернизм”, деган йўналиш индустрлаштириш даври, жамиятда шахарлар аҳамиятининг ўсишини ифодаловчи урбанизация ва Биринчи жаҳон уруши билан мавзу жиҳатидан уйғунлашган бўлса, унинг жамиятдаги ўрнини XX асрнинг ўрталаридан бошлаб эгаллаб келаётган “постмодернизм” ─ постиндустриал жамиятнинг муҳсули. Лекин у ─ “постмодернизм”, инсон ҳуқуқларига  мутлақо ҳурматсизлик билан бўлган қарашларни ўзида мужассамлаштирган Иккинчи жаҳон уриши, модернизм даврининг натижаси бўлганлигига жавоб тариқасида майдонга чиққан.

Бундан ташқари постмодернизм адабиёти сафига Жанубий Америкада пайдо бўлиб, ўз ичига Нобел мукофатининг соҳиби Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Юз йиллик танҳолик” деган асарини ҳам оладиган “тасаввуфий ҳаққоният”ни (“мистичекий реализм”ни) ҳам киритиш мумкин.

4. Хос ва омма диди ҳамда адабиёти ҳақида сиз нима деган бўлардингиз? Ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Маънавий иммунитети ҳали етарлича шаклланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиладию қандайлари йўқ?

4.1. “Шарқ юлдузи” журнали ўртага ташлаган саволларга мени ҳам жавоб беришга мажбур қилган куч айнан мана шу саволлар ва унга берилган баъзи бир жавоблар  бўлди. Чунки бу саволлар ва унга берилган жавоблардан, масалан, Назар Эшонқулнинг жавобларида [1], матбауотда эълон қилинаётган бошқа муаллифларнинг мақолаларида билдирилган фикрлар каби “оммавий маданият” ва унинг таркибига кирадиган “оммавий адабиёт”га нисбатан салбий боҳо берилган ва у ижод (творчество) тўғрисидаги тушунчаларнинг замонавий таърифлари ва мазмунини билмаганлиги учун, уни фақат бадиий адабиётга таълуқлилиги тўғрисидаги, гўёки бу соҳанинг ваъкиллари қиладиган “ижодкорлик – илоҳиятга дахлдорликдир” деган, уларни пайғамбарларга тенглаштиришга қаратилган, юмшоқ қилиб айтганда, мутлақо асоссиз даъволар бор.

Шунинг учун ҳам Назар Эшонқул ўз жавобида: “Шу пайтгача “ўрганиб” ижодкор бўлганларни эшитганимиз йўқ. Ўрганиб олим бўлиши мумкин, бироқ ижодкор бўлолмайди” деган, бемани фикрни билдирган. Чунки у: биринчидан, ишлаб чиқариш–техника, ихтрочилик, илмий, сиёсий, ташкилий, фалсафий, бадиий, афсонавий, диний, мусиқий, кундалик–маиший ижод ва ижодкорлик ҳам мавжуд эканлиги тўғрисида мутлақо ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини, иккинчидан эса:

Фан – борлиқ тўғрисидаги объектив билимларни ишлаб чиқувчи ва уларни умумлаштириш орқали бир тизимга келтириш билан шуғулланадиган инсон фаолияти соҳаларидан бири ҳисобланишини; олим эса ─ дунёнинг илмий кўринишини (суратини) онгли равишда шакиллантириш фаолияти билан шуғулланувчи ижодкор фан вакили эканлигини;

Назм ва наср санъатнинг иккита бир–бирига яқин соҳалари эканлигини; санъатнинг ўзи эса ─ борлиқни образлар орқали англашга хизмат қилишини; хозирги замонда гонорар, роялти ва грантлар ҳисобига ҳикоя, қисса ва роман кўринишидаги бадиий асар ёзадиган одамни ─ ёзувчи, деб аташларини; ёзувчи эса, қўпол қилиб айтганда ─ бу “адабий тўқима” деб аталадиган ёлғонни санъат даражасига кўтарган шахсдир, деб таъриф бериш мумкин эканлигини билмаслигини, ўз жавобида яққол намойиш қилган, десак ─ бу сира ҳам муболаға бўлмайди.

Шу билан бир қаторда Назар Эшонқул: “…ҳунар маҳсули моддийлик, ижод маҳсули эса руҳонийликка ўхшайди…”, дер экан у, биринчидан, адабиёт, кенг маънода адабий асар ёки китоб шаклини олувчи ёки бошқа кўринишга эга ёзма матнлар тўпламидан иборат моддий кўринишга эга бўлмас экан, у оғзаки ижод каби ─ санъатнинг бу соҳасига таълуқли бўлиши мумкин эмаслигини; иккинчидан эса, у “рухонийлик” тўғрисида сўз юритар экан “рухоний”  деган атама, луғавий маъноси жиҳатидан “дин пешвоси, дин йўлида, диний лавозимда хизмат қилувчи, уни тарғиб қилувчи киши”, дегангина маънода ишлатилиши мумкинлигини мутлақо билмаслигини кўрсатган.

Буни устига Назар Эшонқул: “Бугунги бадиий индустрияси санъатни оммавийлигига қараб баҳо бериши унинг чинакам ижод маҳсули эканидан эмас, оломонга, унинг диди ва кайфиятига мослашиб, кўпроқ фойда олишни кўзлаётганини билдиради, холос. Омма диди қанчалик юксалмасин, ўзининг тирикчилик доирасидаги тасаввуридан баландга кўтарилолмайди”, дер экан “оммавий маданият” масалаларида қалам тебратган [2–5] баъзи бир бошқа муаллифлар каби [5], у ҳам “омма” ва “оламон” тушинчаларининг фарқига бормаганлиги туфайли, ўзи хизмат қилиши керак бўлган халқ оммасига ҳурматсизлик билдирган.

Чунки Ўзбек тилининг изоҳли луғатларида “оломон” атамасига (тушунчасига ёки калимасига): “оломон ─ ўз-ўзидан, стихияли равишда (кутилмаган ҳолда) тўпланган одамлар, халойиқ” [6], деган таъриф берилган бўлиб, унга:  “Оломондан қочган сира қутилмас”, деган  мақол ҳамда Уйғун ва Иззат Султон асарлари матнидан мисоллар келтирилар экан, “оломон қилмоқ  деган тушинча ─ “судсиз-бошқасиз кўплашиб урмоқ, уриб ўлдирмоқ”, деган маъноларни англатиши, алоҳида такидлаб ўтилган.

Шу билан бир қаторда “омма” атамасига:  “Омма ─ бу “бирор ижтимоий грухнинг катта кўпчилиги, халқ… Деҳқонлар омаси. Ишчилар оммаси. Зиёлилар оммаси”, деган тушинча берилиб, уни изоҳлашда, бу сўздан қандай фойдаланиш мумкин эканлигини кўрсатиш учун Ойбекнинг “Қутлуғ қон” деган асаридан мисол келтирилади [7]. Шунинг учун ҳам “оммавий” деган сўзга ─ “оммага, кўпчиликка оид; омма, кўпчилик томонидан ёки омма орасида бажариладиган. Омммавий иш. Оммавий ҳаракат”,  деган таъриф берилади. Бундан кўриниб турибдики Назар Эшонқул ўз жавобида: “Омма диди қанчалик юксалмасин, ўзининг тирикчилик доирасидаги тасаввуридан баландга кўтарилолмайди”, дер экан, унинг бу мантиқсиз фикри зиёлилар оммасининг ваъкили бўлмиш, унинг фикрича илоҳий ҳодиса бўлган, ижод аҳлига ҳам таълуқли бўлиб қолганлигини мутлақо сезмаган ёки тушунмаслигини яққол намойиш қилган.

Бундай ҳолатнинг сабаби “хос” деган сўз ёки атама, ўзининг Ўзбек тилининг изоҳли луғатларидаги тарифлари ва маъносига зид равишда “Шарқ юлдизи” журналининг саволларида, лотинча ва инглизча келиб чиқишга эга бўлган ─ “элита” деган сўз маъносида ишлатилганлиги ва “оммавий маданият”га қарама–қарши қўйилиб, рус мутаҳассисларининг фикрича “юксак маданият” сифатида талқин қилинган ва маданий қадриятлар яратилишида озчиликни ташкил этувчи ўта ақилли одамлар доираси айнан шу сўз билан аталиши тўғрисидаги ҳато фикрлари мавжудилигида бўлиши ҳам мумкин.

Бироқ шахсан мен бу масалаларда зиёлилар оммаси сафига кирадиган ёзувчилар (шу жумладан шоирлар ҳам) аввало Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигига  эришгач, коммунистик мафкура ва ахлоқ нормаларидан воз кечиб, хозир қандай янги жамият ва унинг иқтисодиётини қураётганлигини ўзларига яхши тасаввур қилмасдан туриб, тўғри фикр юрита олмайдилар деб ўйлайман.  Чунки мен “бозор иқтисодиёти” ва “фуқоролар жамияти” деган, кенг халқ оммаси, шу жумладан зиёлиларнинг кўпчилиги, бу атамалар билан номланган, аслида эса КАПИТАЛИЗМ деб аталадиган тузимга ўтаётганлигимизни, бу жамиятнинг элитаси эса давлат ва иқтисодиётни бошқаришда юқори лавозимларни эгаллаб турадиган шахсларнинг тўпламидан иборат бўлгани ҳолда бу тушунча монархик давлатларда бўладиган зодагонлар тушунчасидан мутлақо фарқ қилишини билмай  ёки билишни истамай, Назар Эшонқулга ўхшаб, ўзларини ўзлари бу сафга қўшиб олиб, ҳато фикр юритадилар. Ва шунинг учун ҳам улар Ғарбдаги капиталистик мамлакатларда пайдо бўлган “оммавий маданият” ва унинг таркибига кирувчи “оммавий адабиёт” бизнинг ҳаётимизга кириб келаётганлигига ўта салбий муносабатта бўлмоқдалар, деган фикирдаман.

Лекин улар бундай ҳолатни матбуотда эълон қилинаётган ўз мақолаларида Ўзбекистонда бўлаётган барча ислоҳатлар ва замонавий ўзбек давлатининг асосчиси бўлмиш Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” деган асарида айтган: “Биз юртимизда янги ҳаёт асосларини барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Яъни, коммунистик мафкура ва унинг ахлоқ нормаларидан воз кечилганидан сўнг жамиятда пайдо бўлган ғоявий бўшлиқдан фойдаланиб, четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият» ёпирилиб кириб келиши мумкинлигини унутмаслик керак”, деган унинг фикирлари ортига яширмоқчи бўладилар [4].

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов унинг асаридан келтирилган юқоридаги иқтибосдаги ўз фикрларини давом эттирар экан: “Табиийки, «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”, деган, жуда ҳам ўринли мулоҳазада акс этган башоратни ҳам олға суриб, “оммавий маданият” эмас, балки шундай ниқоб остида Ўзбекистонга ёт ғоялар ҳам кириб келиши мумкинлиги тўғрисида фикр юритган бўлишига қарамасдан республикамиз оммавий ахборот воситаларида, инглиз тилида “mass culture”,  рус тилида эса “массовая культура”, деб аталгани учун ўзбек тилига “оммавий маданият” деб таржима қилинган соҳа тўғрисидаги назарий тушунча ва амалиёт атрофиди бир неча йиллардан буён ўзбек олимлари, публицистлари ва журналистларининг ўта салбий фикр ва мулоҳазалар юритилган, мақолалари эълон қилиб келинади [2-5].

Натижада “оммавий маданият”га нисбатан “маданиятсизлик”, “тубанлик” ва “маънавият кушандаси” [2–4] деган ўта салбий баҳолар берилишгача бўлган ноўрин вазият юзага келган, десак бу мутлақо ҳато бўлмайди. Ғарб замонавий маданиятининг бундай тушунчаси тўрғисидаги салбий фикирларнинг пайдо бўлишига баъзи бир обрўли мусулмон олимлари ҳам, уни “оломонча маданият” [5] деб таржима қилиб олиб, мақолалар эълон қилганликлари сабаб бўлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ваҳоланки бундай олим, публицист ва журналистлар ўз мақолаларида “оммавий маданият” тўғрисида сўз юритар эканлар, ҳудди шундай сабабларга кўра ҳам “оломон”  атамасини [6] “омма” атамаси [7] билан чалкаштирган ҳолда, Назар Эшонқулга ўхшаб, “оммавий маданият”ни “оломон маданияти”деб тушунишган.

Лекин уларнинг ичидаги дунёвий фан вакиллари “оммавий маданият” тушунчасига берилган таърифларни, бу маданият ва унинг таърифлари келиб чиққан Ғарб мамлакатларида эълон қилинган илмий ва амалий манбалар [8-9] орқали чуқур ўрганиш ўрнига, эски совет тузими давридаги ёки ҳозирги кунда ҳам РФнинг илмий нашр ва оммовий ахборот воситаларида эълон қилинаётган марксистик адабиётда берилган таърифларга [10-12] асосланган ҳолдагина англашиб, матбуот орқали унга нисбатан ёшларимизнинг салбий муносабатларини шакиллантиришдек ўта катта ҳатога йўл қўйиб келишаётганликлари жуда аянчли бир ҳолдир, десак ─ бу ҳам тўғри бўлади. Чунки айнан шундай ҳол мавжудлиги учун ҳам республикамизнинг баъзи-бир йирик жамоат ташкилотлари ва олий ўқув даргоҳларида Глобаллашув шароитида ёш авлодниоммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асраш масалаларига бағишланган маърифий тадбирлар ва кўплаб семинар ҳамда суҳбатларлар ўтказиб туриладики [13–15] ─ бу ҳолат кадрларимиз Ислом Каримовнинг бу масаладаги мутлақо тўғри фикрлари ва мулоҳазаларини яхши тушунмаганликлари учун ўта қолоқ ва эски совет тузими мафкурасининг иллатларидан  ҳалигача ҳам тўлиқ қутила олмаётганликларинигина намойиш қилади ҳолос, десак ─ бу ҳам сира ҳато бўлмайди.

Мана шундай сабабларга кўра: “Оммавий маданият” – бу ўзи қандай маданият? Унга бу тушунча келиб чиққан Ғарб мамлакатларида қандай таърифлар берилган? У ҳақиқатда ҳам маданиятсизлик, тубанлик ва маънавият кушандасими? “Оммавий маданият”га биз қандай муносабатда бўлишимиз керак? – деган ва бошқа жуда ҳам долзарб саволлар пайдо бўладики, уларга илмий асосланган жавоб бериш жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолди.

Шундай экан аввалам бор “оммавий маданият” ёки инглизча  “рopular culture”, яъний, қисқартирилганда “рop culture”деб аталиб, ўзбек тилида ─ “пўп-маданият (“рo’p madaniyat”) ёки “донгдор маданият” деб аташ мумкин бўлган  тушунчага ушбу мақолани ёзишда фойдаланилган адабиётларнинг рўйхатида турган [8-9, 16–19] манбалар асосида ўзбек тилида қуйидагича таъриф бериб олсак – бу айни муддао бўлади, деб ўйлайман.

Оммавий маданият ёки  пўп-маданият ─ бу замонавий жамиятнинг кўпчилигини ташкил этувчи умумий ахолининг ёки халқнинг маиший, кўнгилочар ва ахборат маданияти сифатида миллионлаб одамларнинг онги ва қалбида намоён бўлгани ҳолда, уларда ижобий ва салбий ҳис-туйғулар, маънавий ва эстетик қайғуриш ҳамда завқланиш ҳиссиётларини ўйғата оладиган, ўзининг идрок қилиниши учун инсон онги ва ҳиссиёти қаттиқ зўриқишини талаб қилмайдиган оммабоп маҳсулотдир.

Жаҳондаги ҳар бир алоҳида мамлакат халқ ҳўжалигининг (иқтисодиётининг) тармоғи бўлган бундай “оммавий маданият” таркибига оммавий ахборот воситалари (шу жумладан радио ва телевидение), спорт, киноматография, мусиқа (шу жумладан пўп-мусиқа), оммавий адабиёт, тасвирий санъат, туризм ва ҳокозолар киради-ки, улар рақобат асосида ишлаб чиқариши керак бўлган маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар (товарлар) бозор иқтисодиётнинг давлат ва ҳусусий секторлари томонидан режалаштирилган холда молиялаштирилади ҳамда тайёр бўлганидан сўнг ахолига сотилади ёки реализация қилинади.

Демак, “оммавий маданият” ишлаб чиқарадиган маҳсулот ҳам иқтисодиётнинг (халқ хўжалигининг) бошқа соҳаларида ишлаб чиқариладиган товарларга [20] ўхшаган бўлиб, ҳудди шунинг учун ҳам улар, сифатли ёки сифатсиз кўринишда ёки мазмунда бўлиши ҳам мумкин экан;  шунинг учун ҳам бундай соҳани ҳато равишда “оломон маданияти” деб атаб олиб, унинг  маҳсулотларига “маданиятсизлик”, “тубанлик” ва “маънавият кушандаси” деган, совет тузими пайтидагига ўхшаш мафкуравий ёрлиқларни ёпиштириш орқали, кенг халқ оммасининг калласини гангитишга ҳаракат қилмасдан, бундай товарлар ўзимизда ишлаб чиқарилиб истеъмол қилинган тақдирда ҳам, чет мамлакатларга экспорт қилинаётган тақдирда ҳам ва, айниқса, Ислом Каримов айтганидек: «оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш”га хизмат қиладиган товарлар сифатида, ножўя ишлар билан ҳам шуғулланувчи тадбиркорлар, корхоналар ва муассасалар томонидан импорт қилинишига тайёргарлик кўрилаётган жараёнларда ҳам, уларнинг сифатига эътиборни кучайтириб, бу товарлар юксак даражадаги жаҳон андозалари талабларига мос келишлари ва жавоб берадиган бўлишларини таъминлашимиз керак экан, деган ҳулосалар чиқариш мумкин.

4.2. Жамиятимиз ва иқтисодиётимизда шундай рақобатга асосланган ҳолат ярата олсаккина биз ҳаммага “ҳамма нарса”ни тақдим қилиш қандай оқибатларга олиб келиши ва 4.3. Маънавий “иммунитети” ҳали етарлича шакилланмаган ёш авлодга қандай асарлар тавсия этиш борасида қайғурмасак ҳам бўладиган ва бундай мауаммолар, масалан ўрта мактаб ва коллежлар ҳамда мактабгача тарбия муассасалари даражасида, уларнинг фаолият кўрсатиш дастурларини тузувчи давлат ёки нодавлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан ҳал этилиши мумкин бўлган шароитни вужудга келтира оламиз, деб ўйлайман.

5. Умидбахш ва тушкун адабиётнинг ўқувчи ва жамиятга таъсири масаласида нималар дея оласиз? Замонавий дунёнинг бугун қандай адабиётга эҳтиёжи бор?

5.1. Умидбахш бадиий адабиёт тўғрисда сўз юритилганда, масалан, ушбу баҳснинг бошқа қатнашчилари ҳам тилга олган А.П.Чеховнинг Россиянинг келажагига умид билан боқишни ўзида мужассамлаштирган “Олчазор” (“Вишневый сад”) деган асарига (пьесасига) ўхшаш асарлар бизда ҳам замонавий муаммоларни ўзида акс эттирган ҳолда яратилса, улар албатта ўқувчиларга ҳам, жамиятга ҳам таъсир кўрсата олади, деб ўйлайман.

5.2. Агар “тушкин” адабиёт тўғрисида сўз юритилганда, бунда Франциянинг XIX  асрдаги адабиётида мавжуд бўлган “декадент”лик ҳаракати тўғрисида сўз юритилаётган бўлса, бу ҳаракат романтизм билан медернизм ўртасидаги ўтиш даврига таълуқли эканлигини ва Ғарб адабиётида хозирги даврда постмодернизм ғоялари ҳукмрон эканлигини назарга олсак, ўзбек адабиётида бундай ҳаракат пайдо бўлиши учун ҳеч қандай ҳожат қолмаган ва бу масалага бағишланган Ғарб адабиёти муштарийларга (ўқувчиларга) маълум бир таъсир кўрсатган тақдирда ҳам, жамиятга мутлақо ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди, деган фикрдаман.

Мен, бугун бутун дунёда ҳам, ахолисининг 50 фоизидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистонда ҳам, Ғарб мамлакатларида бўлгани каби, ўтмиш ва келажак тўғрисидаги фантастик (шу жумладан фентези ҳисобланмиш) адабиётга эхтиёж бор, деб ўйлайман. Чунки бундай бадиий адабиёт нафақат ёшларни, балки, менга ўхшаган катта ёшдаги ўқувчиларни ҳам ўзига жалб қила ва қизиқтира олади, деган фикрдаман.

6. Ўтмиш меросни ҳар бир замон ўз мезонлари чиғириғидан ўтказиб туриши керакми? Нима учун?

Ўтмиш меросини ҳар бир замон ўз мезонлари чиғириғидан ўтказиб туриши шарт. Чунки бусиз янги замон эскисидан нималари билан фарқ қилишини тушиниш қийин бўлади…

7. Инсон тирик экан, ҳар доим танлов қаршисида туради. Худди уч йўл бошидан чиқиб қолган эртак қаҳрамони каби. Ҳар қанақа мулозаматни бир четга суриб қўйиб айтганда, тўғри танлов қилишда адабиётнинг роли борми-йўқми, бўлса, қай даражада?         

Одамзод, ҳар куни ўзини у ёки бу шароитда қандай тутиши, масалан, ниманидир афзал кўриш билан боғлик бўлган, танлаш ёки танловга тўқнаш келиб, у ниманидир танлашга мажбур бўлади. Ҳаётда инсон нафақат ўз эхтиёжи, истагини қондириш ёки ихлоси қайтиши билан боғлиқ, балки бошқаларнинг ҳаёти билан боғлиқ бўлган алоҳида вазиятларда ҳам қандайдир танлов тўғрисидаги қарор қабул қилишига тўғри келади. Шунинг учун ҳам танлаш ва танловнинг қийинлиги, қарор қабул қилиш масъулияти ─ бу бадиий адабиёт олдида турган маънавий аҳамиятга эга абадий мавзулардан бири деган фикр борки, шунинг учун ҳам ривожланган масъулият ҳисси адабий асар қахрамонларига тўғри қарор қабул қилиш ва танлаш имконятларини яратиб берашини ҳаттоки мактаб ўқувчилари ҳам ўзларининг иншо ва баёнларида ёзишлари, шу масалаларга бағишланган адабиётдан, тегишли соҳа мутаҳассисларига аллақачонлардан бери маълум…

Адабиёт ва изоҳлар

1. Назар Эшонқул. Адабиёт ─ тарбия воситасими?.. (http://sharqyulduzi.uz/?p=1010 );

2. Husniddin Berdiyev. «Ommaviy madaniyat» – madaniyatsizlikdir (http://uza.uz/uz/society/ommaviy-madaniyat-madaniyatsizlikdir-26.05.2009-8216);

3. Михли Сафаров. “Оммавий маданият” – маънавият кушандаси (http://oilam.uz/index.php/uz/munosabat/1410-ommavij-madaniyat-ma-naviyat-kushandasi);

4. Қуронов Муҳаммад. “Оммавий маданият”: тубанлик юксакликка даъво қилгач… (http://insonvaqonun.uz/?q=node/2269);

5. Айдарбек Тулепов. «Оломонча маданият» – маънавият кушандаси (http://hidoyat.uz/sotuvdagi-kitoblar/60-ruknlar/bugunning-gapi/616-olomoncha-madaniyat-manaviyat-kushandasi.html);

6. Ўзбек тилининг изоҳли луғоти (Толковый словар узбекского языка. В 2-х т. 60000 слов и сочетаний/ С.Ф.Акбаров … ; Под ред. З.М.Магрупова. ─ М.: Рус. яз., 1981. В надзаг. АНУзССР. Ин-т яз. и лит.   Им. А.С.Пушкина. Т.I. А ─ Р. 632 с.). 534–бет:

7. Ўша жойда. 536–бет:

8. Эрнест ван ден Хааг. И нет меры счастью и отчаянию нашему (http://scepsis.ru/library/id_963.html).

9. Popular culture (http://en.wikipedia.org/wiki/Popular culture);

10. Научный коммунизм. Словарь. Под ред. акад. АН СССР А. М.Румянцева. Изд. четвертое, доп. ─ М.: Изд-во политической литературы, 1983 (http://tapemark.narod.ru/kommunizm/091.html);

11. Массовая культура — Типология культуры — Страны мира (www.countries.ru/library/typology/mcult.htm);

12. Массовая культура. Философская энциклопедия (http://dic.academic.ru/contents.nsf/enc_philosophy/);

13. Глобаллашув жараёнида “оммавий маданият”нинг миллий қадриятларимиз ва ёшлар онгига салбий таъсири (http://namangancity.uz/uz/node/581);

14. Глобаллашув жараёнида “оммавий маданият”нинг ёшлар онгига салбий таъсири мавзуидаги давра суҳбатига чорлаймиз (www.tanlov.uz/6043).

15. Маънавиятни асраб-авайлаш йўлида (http://turkistonpress.uz/article/15867#);

16. Массовая культура (https://ru.wikipedia.org/wiki/Массовая_культура);

17. Массовая культура: основные понятия (http://countrystudies.ru/mas_kultura.html);

18. Подходы к изучению массовой культуры (http://countrystudies.ru/mas_kultura2.html);

19. Нашествие поп-культуры: поп-дипломатия и поп-политика (http://gtmarket.ru/laboratory/expertize/2007/1296);

20. Товар – ўзбек тилига таржима қилмай ишлатиш мумкин бўлган туркий сўз бўлиб, ундан ушбу мақолада, маҳсулот, ишлар ва ҳизматларни ўзида мужассамлаштирган атама сифатида фойдаланилди.

Муаллиф: Рустамжон Абдуллаев, иқтисод фанлари доктори, академик.

2015 йил 15 июн, Тошкент.

OAV sifatida davlat ro'yhatidan o'tganligi to'g'risida 2013.12.04 da 0954-sonli Guvohnoma berilgan, ISSN 2181 - 7332