Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таржимаи ҳоли ва дастури

Ислом Каримов

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида хизматчи оиласида туғилган. Миллати — ўзбек. Олий маълумотли, Ўрта Осиё политехника ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини тугатган. Муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликларига эга. Иқтисод фанлари номзоди.

Меҳнат фаолиятини 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида бошлаган. 1961 йилдан 1966 йилгача В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади.
1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, бош мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди.

1983 йилда Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланди.

1986 — 1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби, 1989 йилнинг июнидан бошлаб Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимларида ишлади.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди.

1991 йил 31 август куни Ислом Каримов тарихий воқеа — Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди.

1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунларига кўра Ислом Каримовнинг Президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000 йили муқобиллик асосида ўтган сайлов натижаларига кўра, Конституцияга киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ислом Каримов 7 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

2007 йили муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

У оилали, икки фарзанди, беш нафар набираси бор. Рафиқаси Т. А. Каримова — мутахассислиги бўйича иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда — пенсияда.

Ислом Каримов суверен ва мустақил Ўзбекистонни барпо этиш, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат яратиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувликни таъминлаш ишига қўшган улкан ҳиссаси ҳамда бу борада матонат ва жасорат кўрсатганлиги учун «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган. Шунингдек, у бир қанча хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан ҳам мукофотланган.

Ислом Каримов Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси. Айни вақтда у иқтисодиёт, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун кўплаб хорижий мамлакатлар университет ва академияларининг фахрий фан доктори ҳамда академиги этиб сайланган.

ДАСТУР

Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи биз танлаб олган, мамлакатимиз ва жамиятимизни янгилаш ва модернизация қилишнинг «ўзбек модели» деб дунёда тан олинган мустақил, тадрижий тараққиёт йўлимизнинг нақадар тўғри ва самарали эканини ҳар томонлама исботлаб бермоқда.

Ўзбекистон тарихан қисқа муддатда иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, асосан пахта хомашёси етказиб беришга мослашган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, жар ёқасига келиб қолган, собиқ СССРда аҳолининг ҳаёт даражаси бўйича энг охирги ўринда турган қашшоқ ўлкадан ҳозирги  вақтда,  аввало,  замонавий  тармоқлар ҳисобидан тез ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган, халқаро майдонда ўзига муносиб ўрин эгаллаётган мамлакатга айланиб бормоқда.

Бугунги кунда ўзлигини англаб, ўз юрти, ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, эркин ва озод ҳаёт кечириш қандай бахт, қандай катта бойлик эканини чуқур тушуниб олган, мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан амалга ошираётган оламшумул ишларимиз, мамлакатимиз, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, ҳаётимиз тобора фаровон бўлиб бораётгани барча соҳаларда яққол намоён бўлмоқда.
Энг муҳими, ўзини оқламаган эски тизимнинг қолип ва ақидаларидан холи бўлган, мустақил фикрлайдиган, ривожланган мамлакатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр, Ватанимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган куч — ёшларимиз майдонга чиқаётганида бу ҳақиқатни англамоқдамиз.

Биз дуч келган оғир синов ва муаммоларга, жаҳон миқёсида глобал иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда.
Мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти 5 каррадан зиёд, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсгани, юртимиз аҳолиси шу даврда 1,5 марта кўпайиб, 2015 йилнинг бошида 31 миллион 500 минг кишини ташкил этганини инобатга оладиган бўлсак, очиғини айтганда, бундай ютуқларни баъзан тасаввур қилишнинг ўзи қийин.

Мамлакатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмаётгани, ички қарзимиз, яъни аҳолимиз олдида қарзимиз умуман йўқлиги, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайиб бораётгани барчамизни албатта қувонтиради.

Шу билан бирга, биз бугун шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда, тобора авж олаётган глобаллашув жараёнлари, Интернет ва интеллектуал тараққиёт ҳал қилувчи роль ўйнаётган бир даврда эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, шу пайтга қадар босиб ўтган йўлимиз — бу олдимизда турган мураккаб ва оғир йўлнинг фақат бир қисми эканини ўзимизга аниқ тасаввур этамиз.

Бугунги кунда бизни ўраб турган дунё қанчалик тез ўзгариб бораётгани, яқин ва узоқ атрофимизда турли можаро ва қон тўкишлар давом этаётгани, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб, молиявий-иқтисодий инқироз ва унинг оқибатлари янада чуқурлашиб бораётгани ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Албатта, буларнинг барчаси бизнинг ҳар биримизни ташвишга солмасдан қўймайди ва биздан жаҳонда юзага келаётган вазиятни сергаклик билан баҳолашни талаб қилади.

Бу ўринда гап, биринчи навбатда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, мамлакатимизни янгилаш ва модернизация қилишни давом эттириш ва чуқурлаштиришга қаратилган эътибор ва саъй-ҳаракатларимизни асло камайтирмаслик ҳақида бормоқда.

Айни шу вазият ва ҳолатларни инобатга олиб, олдимизда турган энг долзарб ва устувор вазифалар ҳақида гапирганда: аввало, биз учун 2015 йилда ва ундан кейинги даврда энг устувор вазифа — бу таркибий ўзгаришлар сиёсатини олиб бориш, саноатни диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш ҳисобидан иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини оширишни таъминлашдан иборатдир.

Бу мақсадга эришишда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш, иқтисодиётимизнинг реал секторида эскирган асбоб-ускуналар ва технологик қолоқликка барҳам бериш каби принципиал масалаларни ҳал қилиш, шунингдек, ислоҳотларни амалга ошириш, аввало, мулкдорлик масаласида чала-ярим ишларга йўл қўймаслик, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик усуллари қолдиқларини бутунлай бартараф этиш фаолиятимизда ҳал қилувчи ўрин эгаллайди.

Иккинчидан. Мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва истиқболи, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини белгилаб беришга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган энг муҳим устувор вазифа — бу хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш ва бу соҳага тўлиқ эркинлик беришдан иборат.
Бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 56 фоизи шу соҳага тўғри келмоқда, иш билан банд аҳолининг 75 фоизи мазкур тармоқда меҳнат қилмоқда.

Яқин истиқболда хусусий тадбиркорлар учун ресурсларни очиқ биржа ва ярмарка савдолари орқали сотиш ҳажмини кенгайтириш ҳисобидан хомашё ресурсларидан фойдаланиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш, уни янада соддалаштириш, очиқ-ошкора бўлишига алоҳида эътибор қаратилади.

Хусусий мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари ролини ошириш, давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятларига ноқонуний аралашуви учун жавобгарлигини кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг давоми сифатида бу борада солиқ юкини камайтириш, қўшимча шароит ва кафолатлар яратишга янада катта аҳамият берилади.
Учинчидан. Бугунги кунда иқтисодиётда ҳам, фаолиятимизнинг бошқа соҳаларида ҳам давлатнинг иштирокини танқидий қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.

Давлатнинг иштироки, авваламбор, электр энергетикаси, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси сингари давлат иштирокидаги корхоналар иқтисодиётнинг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаётган, табиий монополияларга асосланган соҳаларда сақлаб қолиниши керак. Бошқача айтганда, давлатнинг иқтисодиётимиздаги улуши иқтисодий ва стратегик асосланган даражага қадар қисқартирилиши ва бу ҳақиқий рақобат муҳитини таъминлаши, маъмурий-буйруқбозлик тизими иллатларидан халос бўлишга олиб келиши лозим.

Шу муносабат билан хўжалик фаолиятида давлат улушини тубдан қисқартириш бўйича махсус дастур қабул қилиниб, унда самарасиз давлат корхоналарини тугатиш, жумладан, очиқ ва ошкора савдолар орқали тегишли инвестиция мажбуриятлари билан «ноль» қийматида сотиш орқали тўлиқ хусусий мулк шаклига ўтказиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Юртимизда фаолият кўрсатаётган акциядорлик компанияларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий сармоядорлар қаторида хорижий акциядорлар ҳам акция эгалари бўладиган вақт келди. Акциядорлик жамиятларини айни шундай асосда ташкил этиш бизнинг манфаатларимизга кўпроқ мос келади.

Тўртинчидан. Экологик муаммолар чуқурлашиб бораётган, сув ва ер ресурслари чекланган бизнинг шароитимизда ирригация ва мелиорация ишларини давом эттириш, ерларнинг унумдорлигини янада ошириш, экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, энг янги агротехнологияларни жорий этиш — айнан шу йўналишлар қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишнинг ҳал қилувчи масалалари бўлиб, улар доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Ана шундай долзарб вазифаларнинг барчасини комплекс ҳал этиш учун қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг келгуси 5 йилга мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Бу дастур аграр тармоқдаги таркибий ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва шунингдек, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Шу борада олдимизда миқёси ва кўламига кўра қандай улкан ишлар тургани ва бунинг учун қандай катта маблағлар талаб этилишини биз ўзимизга яхши тасаввур қиламиз. Бу масалада ҳаётнинг ўзи бир ҳақиқатни тасдиқлаб, исботлаб бермоқдаки, қишлоқ хўжалиги ҳисобидан маблағларни тежаш мутлақо ярамайди ва биз ҳеч қачон бунга йўл қўймаймиз.

Бешинчидан. Қишлоқ хўжалиги, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бутун мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган фермерлик ҳаракати янги тарихимизда ўчмас из қолдирмоқда.

Замонавий фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бирга, уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш, қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган, кенг кўламли вазифаларни бажарадиган кўптармоқли хўжаликларга айлантириш йўлини давом эттирамиз.

Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқараётган фермер хўжаликлари мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилаётган қишлоқларимизнинг бугунги ва эртанги фаровонлигини янада оширишни ўз назоратига олиши зарур, деб ўйлайман.
Халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, жумладан, энг муҳим ижтимоий дастурларни амалга ошириш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ва уларни кучайтириш бўйича олдимизда турган кенг кўламли вазифалар ҳақида барчамиз яхши хабардормиз.

Фақат 2015 йилнинг ўзида 353 та умумтаълим мактабини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, 147 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейда қарийб 400 миллиард сўм ҳажмидаги капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. 2020 йилгача эса 500 та умумтаълим мактабини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, жумладан, 101 та янги мактаб барпо этиш ва 810 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларни капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Тиббиёт соҳасида 2015 йилда 98 миллион доллар ҳажмидаги маблағ ҳисобидан 83 та тиббиёт муассасасини, 2020 йилгача эса — 180 миллион доллардан зиёд маблағ эвазига 230 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш назарда тутилмоқда.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 2015 — 2016 йилларда 2 миллиард 100 миллион доллар миқдоридаги 25 мингта уй-жой бунёд этиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун Осиё тараққиёт банки ҳамда Ислом тараққиёт банкининг маблағлари жалб қилиниши белгиланмоқда.
Қишлоқ инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида фақат табиий газ ва электр тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 2020 йилгача 530 миллион доллар, телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш учун эса — 136 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Олтинчидан. Маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш дастурини амалга ошириш — энг устувор вазифадир.

Юртимизда биз учун бутунлай янги бўлган автомобиль саноатининг ташкил этилгани импорт ўрнини босиш бўйича олиб борилган оқилона сиёсатнинг ёрқин далили ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистонда 27 русумдаги юк ва енгил автомобиллар, автобуслар, минивэнлар ҳамда 15 турдаги замонавий қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарилмоқда.

Буларнинг барчаси ҳар йили 4 миллиард доллардан зиёд ҳажмдаги импорт товарлар ўрнини босиш имконини бермоқда.
Ана шу стратегияни янада ривожлантириш мақсадида 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган янги Маҳаллийлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастурда умумий қиймати 5 миллиард доллардан зиёд 600 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Еттинчидан. Бугунги кунда тараққиёт, туб таркибий ўзгаришлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим шарти инвестиция жараёнлари билан боғлиқ экани ҳаммамизга яхши аён.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон тараққиёти учун йўналтирилган инвестициялар ҳажми 190 миллиард доллардан ошди ва бу маблағнинг 65 миллиард доллардан зиёдини хорижий инвестициялар ташкил этди.

Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш доирасида кенг кўламли замонавий, юқори технологияларга асосланган лойиҳалар амалга оширилди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси, Қўнғирот сода заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, ўнлаб замонавий тўқимачилик комплекслари, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлайдиган юзлаб корхоналар, энг илғор буғ-газ ва газ турбинали технологияларни жорий этган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ана шундай йирик лойиҳалар қаторига киради.

Бугунги кунда Сурғил кони базасида Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда барпо этилаётган, умумий  қиймати 4 миллиард  200 миллион долларга тенг бўлган Устюрт газ-кимё мажмуаси хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Сўнгги йилларда қарийб 2 минг километр автомобиль йўллари, хусусан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган 1,5 минг километрлик йўл тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Темир  йўл  соҳасида  342 километрлик янги Навоий — Учқудуқ — Нукус — Султон Увайстоғ ва 223 километрлик Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон тармоқлари барпо этилди, 550 километрдан зиёд темир йўл линиялари электрлаштирилди. Айни пайтда янги Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ва тоғли ҳудудлар орқали ўтадиган 19 километрдан зиёд узунликдаги тоннель қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.

Саккизинчидан. Аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолмоқда.

Авваламбор, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, касаначилик ва хизмат кўрсатиш соҳасини, айниқса, қишлоқ жойларда янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва янгилаш дастурларини амалга ошириш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини кенгайтириш ҳисобидан кейинги пайтда Ўзбекистонда ҳар йили қарийб 1 миллионта иш ўрни яратилмоқда. Шунинг 60 фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда ташкил этилаётгани айниқса аҳамиятлидир.

Тўққизинчидан. Аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини янада изчил ошириб бориш масаласи ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз давлат бюджетининг 59-60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Фақат ўтган йилнинг ўзида иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар  ҳажми 23,2 фоиз, реал даромадлар 10,2 фоизга кўпайди.

Аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу кўрсаткич мустақил тараққиётимизнинг дастлабки йилларидаги 10,6 фоиздан 52 фоизга ошганини таъкидлаш лозим.

Халқаро меъёрларга кўра, 10 баробар қилиб белгиланган энг кўп ва энг кам даромад оладиган аҳоли ўртасидаги фарқ юртимизда 2000 йилдаги 53,3 баробардан бугунги кунда 7,8 баробарга тушди. Бошқача айтганда, жамиятимизнинг ўта бойлар ва ўта камбағалларга бўлиниб, кескин табақаланиб кетишига йўл қўймасдан, бу борада ижтимоий барқарорлик мезони деб тан олинган даражага эришдик.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги ҳар иккинчи оила юртимизда ишлаб чиқарилган шахсий автомобилга эга. Деярли ҳар бир оилада кундалик заруратга айланган мобиль телефон, ноутбук, сунъий йўлдош орқали кўрсатадиган ва кабелли телевидение, музлатиш камералари ва замонавий ошхона анжомлари каби янги, юқори технологияларга асосланган жиҳозлар мавжуд.

Мамлакатимизда уй-жой билан таъминланиш даражаси, жон бошига ҳисоблаганда, 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга ошди. Уй-жой фондининг деярли ҳаммаси хусусий мулк шаклига ўтказилди.

Аҳолининг тўлов қобилияти ва истеъмол талабининг ортиб бораётгани иш ҳақи ва пенсияларнинг истеъмол нархлари ўсишига нисбатан жадал ошишини таъминламоқда.

Ўнинчидан. Биз барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз. Энг муҳими, ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмаймиз, Ўзбекистон ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслигимиз  зарур, деб ҳисоблаймиз.

Узоқ ва яқин атрофимизда вужудга келаётган бугунги мураккаб вазиятда айнан шундай йўлни, шундай сиёсатни биз учун энг тўғри ва энг маъқул деб биламиз.

Жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва фуқаролараро тотувликни, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолади.

«Юксак маънавият — енгилмас куч» деган ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда бой тарихимиз, бебаҳо меросимизни асраб-авайлаш, атрофлича ўрганиш ва тадқиқ этиш, биз қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни чуқур англаб, аждодларимизнинг шонли анъаналарини давом эттириш, ёшларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялаш барчамиз учун долзарб вазифа бўлиб қолади.

Ишончим комилки, фақатгина халқимизнинг мардлиги ва матонати, жонкуярлиги ва қатъияти, энг муҳими, келажагимизни қуришда ўз кучига, эртанги кунга бўлган юксак ишончи олдимизга қўйган мақсадларга эришишнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан, фидойилик билан хизмат қилиш — барчамиз учун энг юксак шараф, олий саодатдир.

Манба: «Халқ сўзи» газетаси.

OAV sifatida davlat ro'yhatidan o'tganligi to'g'risida 2013.12.04 da 0954-sonli Guvohnoma berilgan, ISSN 2181 - 7332