Ўзбекистон раҳбарияти улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов вафот этганлиги муносабати билан тазия изҳор этди

Mushtariylar: 4455
Эркин Вохидов герой 2

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов шу йил 30 май куни 79 ёшида вафот этди. 

Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. 1960 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини ёшлар нашриётида кичик муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир, шунингдек, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилди.

Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин, обод ва фаровон ҳаётини тараннум этадиган, инсон қадр-қимматини улуғлайдиган бир қанча янги шеърий асарлари, она тилимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоблари, бунёдкор замондошларимизнинг фидокорона меҳнати, юртимиздаги улкан ислоҳот ва ўзгаришлар ҳақидаги публицистик мақолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.

Эркин Воҳидов 1990-1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005-2009 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.

Эркин Воҳидовнинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонлари, “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган эди.

Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Эркин Воҳидовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

И.Каримов, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, Ш.Мирзиёев, 

А.Орипов, М.Аҳмедов, И.Мирзаалиев 

Манба: Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Вы можете izih qoldirish, yoki trackback sazning saytingizdan.

Izoh qoldirish

Siz majbursiz tizimga kirish , izoh qoldirish uchin

OAV sifatida davlat ro'yhatidan o'tganligi to'g'risida 2013.12.04 da 0954-sonli Guvohnoma berilgan, ISSN 2181-7332